Дастур ҳақида
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди. Ўзбекистон мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаган.

Ушбу тадқиқот аҳоли жон бошига тушадиган ялпи ички маҳсулотнинг истеъмол қуввати билан тенглиги, аҳолининг ижтимоий ҳимоя даражаси, туғилганиданоқ яшаб кетиш имкониятлари, шахсий эркинлик, саховат ва инсонпарварлик, қувонч ва қайғуларнинг сабабларига қараб белгиланди.

Турмуш фаровонлиги, инсоннинг ўзини бахтли ҳис қилиши аввало оилада амалга ошади. Оиланинг хотиржамлиги – жамият фаровонлиги гаровидир. Юқорида тилга олинган рейтингда мамлакатимизнинг МДҲ давлатлари орасида энг юқори ўринни эгаллаши ҳам юртимизда оилалар хотиржамлиги, уларнинг фаровонлиги йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (02.09.2019 й. № ЎРҚ-561); «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг (02.09.2019 й. № ЎРҚ-562) ижросини амалга оширишда Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирлигига, ижтимоий психологик хизмат кўрсатувчиларга белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ушбу он лайн тренерлар тайёрлаш бўйича семинар тренингда йиғилган эканмиз, шуни ёдда тутиш керакки, бугунги кунда шахс ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятларнинг 40%, ҳар тўртта қотилликнинг биттаси, қасддан баданга шикаст етказишларнинг ҳар бештадан биттаси, ҳақорат қилиш ва туҳматнинг саккизтадан биттаси айнан оила-турмуш соҳасида содир этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг: «Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда» деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб турибди. (Мирзиёев Ш.М. Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик. // Ҳалқ сўзи. –Т., 2017 йил. 16 июнь.)

Бизни Республикамизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат дастурларимиздаги энг устивор йўналишлардан бири ҳисобланади. Она соғлом бўлсагина соғлом авлодни дунёга келтиради. Туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш борасида соғлиқни сақлаш бирламчи тизимида амалга оширилган даволаш ва профилактика ишлари натижасида бугунги кунга келиб, оналардаги камқонлик касаллиги 37,5% ташкил этиб, ўтган хисобот даврига нисбатан 4,7% га камайган. Ҳомиладорлар орасида 0,9% юрак қон томир касалликлари, 0,9% ошқозон ичак касалликлари учраб, бу кўрсаткичларнинг ҳар иккаласи ўтган ҳисобот даврига нисбатан 0,5%га камайган. Буйрак (3,7%) ва эндокрин (3,5%) касалликлар учраш сони ҳам ўтган йилга нисбатан 0,7% ва 1,3% га камайган.

Эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчиликларимиз хам йўқ эмас. Ҳозирги кунда содир бўлаётган оналар ўлими, гўдаклар ўлимининг асосий сабабларидан, ҳомиладорлик ва туғруқдаги оғир асоратлар: преэклампсия, эклампсия, нормал жойлашган йўлдошнинг барвақт кўчиши, қон кетишларда оилаларда содир этилаётган гендер зўравонликлар ҳақида далилий маълумотлар етарли даражада аниқланиб, статистик маълумотлар базасига кирмаган. Гендер зўравонлик жиноятини содир этиб жавобгарликка тортилмаган шахслар хали қанча, буни хам билмаймиз.

Ҳозирги кунда дунё бўйлаб ҳар учинчи аёл жисмоний ёки жинсий зўравонлик қурбони бўлмоқда. БТМ Бош Котиби Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш халқаро куни муносабати билан қилган баёнотида “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик глобал пандемия тусини олмоқда. Бу очиқ, ҳаққоний ва барқарор ривожланиш йўлидаги жиддий тўсиқдир”, – дея таъкидлаган эди.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш мақсадида глобал интилиш ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Инсонга, шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик Ўзбекистон Республикаси Қонунларида мустаҳкамланган.

Аммо ҳаёт доим бир текисда давом этмайди. Айрим ҳолларда хотин-қизлар турли шафқатсизликларга ҳам дуч келади. Албатта, бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган. Эндиликда эса хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун 2019 йил 3 сентябрдан кучга кирган. Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонуннинг 11-моддасида: Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган.

“Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари: хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади; тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади; тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда уларни соғлиқни сақлаш муассасаларининг иш амалиётига жорий этади; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хотин-қизларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф солувчи фактлар ва аниқланган сабаблар тўғрисида хабардор қилади; хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади”-деб белгиланган.

Гендер зўравонликка учраган хотин қизларга Сифатли, малакали тиббий хизматлар кўрсатиш соғлиқни сақлаш тизими исталган даражасида амалга оширилади. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этишда шахсий ҳаётнинг махфийлиги ва дахлсизлигини кафолатлаган ҳолда асосий эътибор хотин-қизларга мўлжалланган муқобил ёрдамни ривожлантиришга қаратилиши керак. Беморнинг шаъни ва қадр қимматига путур етмаслиги учун тиббий ёрдамнинг тўлиқ пакети махфийлик/конфиденциалликка риоя қилинган ва гендер зўравонликдан жабрланган шахснинг барча ҳуқуқларига, хавфсизлигини таъминлашга риоя этган ҳолда кўрсатилиши керак. Тиббиёт тизимида амалга ошириладиган даволаш ва профилактика ишларида албатта идоралараро ҳамкорликни даволаш профилактика муассасаларининг барча даражаларида таъминлашимиз гендер зўравонликка барҳам беришдаги асосий мезон эканлигини ёдда тутишимиз керак.

Ушбу онлайн тренинг давомида гендер зўравонликка барҳам бериш жараёнида идоралараро ҳамкорлик тизимини жорий қилиш муҳимлигига катта аҳамият берилади. Стандарт операцион иш тартибларининг эътиборли жиҳатлари: Ишлаб чиқилган СОТлар Ўзбекистонда гендер зўравонлигига қарши қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ижро механизми сифатида хизмат қилади; СОТлар гендер зўравонликдан жабрланувчиларига турли соҳа мутахассислар (тиббиёт, хуқуқ-тартибот, психолог ва ижтимоий хизматлар), яъни хизмат тақдим этувчиларнинг ўзаро боғлиқ ва кетма-кетликдаги мувофиқлаштирилган ҳаракатларининг аниқ ва батафсил тавсифини ўз ичига олган. Ушбу ёндашув жабрланувчига сифатли комплекс тиббий хизматлар тақдим этишга асос бўла олади ва жабрланувчининг муаммоси ҳар томонлама ечилиши эҳтимоли ошади.

Шундай қилиб, оила институтини ривожлантириш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оила фаровонлигини, оилада гендер тенгликни таъминлашда, оилада тиббий маданиятни ва умуминсоний қадриятларни шакллантиришда, оиладаги гендер зўравонликка барҳам беришда тиббиёт, ички ишлар, ижтимоий-психологик ёрдам ходимлари ўз касбий малакалари доирасида маҳаллий ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлар билан ҳамкорликда ўз фаолиятларини амалга оширишларида ушбу он лайн циклимиз тингловчиларидан кутаётган умидимиз катта.

Онлайн тренингида иштирок этаётган тиббиёт, ички ишлар, ижтимоий психологик ходимларининг бу тренингдан кутилаётган асосий мақсади: Гендер зўравонликдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тиббий ва психологик хизматлар тақдим этувчилар учун Идоралараро жавоб чоралари бўйича Стандарт операцион иш тартиблари (СОТ)ни янада кенгайтириш учун миллий уста- тренерларнинг СОТ бўйича билим ва кўникмаларини янада ошириш, гендер зўравонлик ҳолатларига идоралараро жавоб бериш механизмини такомиллаштириш. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига мажмуавий хизматлар кўрсатиш, хизмат тақдим этувчиларга СОТларни қўллаш бўйича амалий воситаларни етказишдан иборат. Шу билан бирга бу ерда иштирок этган хизмат кўрсатувчи ва ваколатли орган ходимлари ўз иш жойларига бориб, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, ижтимоий-психологик ёрдам бирламчи тизимида, шошилинч ёрдам тизимидаги (хусусан гендер зўравонлик жабрланувчиси эхтиёжига кўра мурожаат этиладиган) барча хизмат кўрсатувчи ходимларини стандарт операцион иш тартиблари билан ишлашга ва идоралараро малакали комплекс хизматларни тақдим этишга, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бу каби иллатларни олдини олишга қаратилган ишларни ҳар кунлик амалиётга тадбиқ этишлари керак бўлади.

СОТ ларни оммалаштиришдаги яна бир устивор вазифа, бу Тиббиёт, Ички ишлар, Ижтимоий, Психологик ходимларини касбий малакасини ошириш марказдари томонидан ушбу ўқув дастурларини дипломдан кейинги таълим тизими учун ва мақсадли кафедраларда ходимларини малакасини ошириш тизимига интеграция қилишдир.

Онлайн дастур ишида муваффақиятлар тилаб қоламиз!