ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИК БЎЙИЧА ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ
СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ

3-модул. Гендер зўравонлик бўйича ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза
қилиш хизматларини тақдим этишнинг стандарт операцион иш тартиблари

6/6

2. ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИК ЖАБРЛАНУВЧИСИГА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР БЎЙИЧА СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ

2.

Гендер зўравонлик жабрланувчисига тақдим этиладиган хизматлар бўйича стандарт операцион иш тартиблари

  • Одил судлов тизими билан дастлабки алоқанинг ижобий тажрибаси гендер зўравонлик жабрланувчилари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Дастлабки алоқа гендер зўравонлик жабрланувчига одил судлов тизими, хусусан ички ишлар органи унинг хавфсизлигидан манфаатдор эканлигини, унинг шикоятини жиддий қабул қилаётганлигини ва одил судлов хизматлари тақдим қилиш вақтида унга сифатли кўмак берилаётганлигига ишонч ҳосил қилмоқчи эканлигини кўрсатиши керак. Бундан ташқари, гендер зўравонлик ҳодисаларини суриштирув олиб борилишини, далиллар тўплаш ва суриштирувни олиб боришнинг сифат талабларига мувофиқ ўз вақтида ва профессионал тарзда бошлаш зарур.

  • Қадамба-қадам иш тартиблари амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатлар турига қараб гуруҳлаштирилган ва улар гендер зўравонликни аниқлаш/идентификация, гендер зўравонлик ҳодисасини баҳолаш, хизматлар тақдим этиш/аралашув, гендер зўравонлик ҳодисасини ҳужжатлаштириш ва бошқа хизмат тақдим қилув- чиларга йўналтириш/қайта йўналтириш бериш каби бўлимлардан иборат.

2.1.

Гендер зўравонлик жабрланувчисини аниқлаш/идентификация

Гендер зўравонлик жабрланувчисини аниқлаш гендер зўравонлик ҳодисаларида ҳар қандай аралашувнинг биринчи босқичи ҳисобланади, буни ҳар хил усулда амалга ошириш мумкин:

  • жабрланувчи ўзини ўзи ошкор этиши;

  • зўравонлик содир этган жабрланувчининг ўз айбини тан олган ҳолда келиши;

  • бошқа хизмат тақдим этувчи томонидан хабар қилиш;

  • режали тиббий кўрик, диспансеризация ва шу каби чоралар якунлари бўйича тиббиёт муассасасидан олинадиган ахборот;

  • ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматларининг ўзлари томонидан аниқлаш (эгаллаб турган лавозими туфайли ички ишлар органи ходимларининг ҳуқуқий ҳаракатлари натижасида);

  • ижтимоий тармоқлардаги хабарлар/эълонлар;

  • бошқа шахсларнинг мурожаатлари.

Ички ишлар органи ходимига шошилинч телефон қўнғироғидан кейин аралашув бўйича тавсиялар:

  • хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун жабрланувчи билан имкон қадар тезроқ боғланинг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчисини зўравонлик ҳаракатларини содир этган шахсдан ажратиб олинг (изоляцияланг);

  • у ерда бўлган барча шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўл остида бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай қуролни, шунингдек жароҳат етказишда фойдаланиш мумкин бўлган кесувчи, тиғли нарсаларни аниқланг ва олиб қўйинг;

  • зарурат юзага келса, тез тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилинг;

  • ҳаётига таҳдид солиб жисмоний зўравонлик ёки жинсий зўравонлик ҳолатида жиноят белгилари йўқотилмаслиги, ўзгартирилмаслиги ёки ифлослантирилмаслиги учун жиноят содир этилган жойни хавфсизлигини таъминланг;

  • зарурат бўлса, бошқа мутахассисларни (масалан, техник мутахассисларни, психологларни, криминалистларни) чақиринг;

  • зўравонлик ҳаракатларини содир этган шахсни (агар у ўша ерда бўлса) яккаланг, тинтув қилинг, ушлаб туриш чорасини кўринг ҳамда уни жиноят содир этилган жойдан олиб чиқинг.

Гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчи бевосита ички ишлар органи бўлимларида ёки бошқа муассасалар/хизматлар, ташкилотларда ёрдам сўраганда ички ишлар органлари ходимлари учун тавсия:

  • ёрдам сўраб мурожаат қилган гендер зўравонликка учраган шахс танг/инқирозли аҳволда бўлиши мумкин, уни хушмуомалалик билан кутиб олинг, уни айблашдан ва эътиборсизликдан тийилинг;

  • ўзингизни таништиринг ва муассасанинг ҳуқуқий меъёрлари/хизматлари ҳақида қисқача сўзлаб беринг;

  • шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш устувор ҳаракатлар бўлиши керак. Ҳаёти хавф остида бўлган гендер зўравонликка учраган жабрланувчини дарҳол шошилинч даволаш учун юборинг;

  • жабрланувчига айни ўзининг жинсидаги ички ишлар органи ходими томонидан қўллаб-қувватланишини таъминланг (айниқса жинсий зўравонлик ҳодисаларида);

  • жабрланувчига у муҳим деб ҳисоблайдиган барча нарса ҳақида савол бериш имконини беринг;

  • суриштирув ва ҳуқуқбузарни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида зарур маълумотнинг аниқлиги ва сифатини ошириш учун жабрланувчи билан ишончли муносабатга киришинг;

  • махфий ва унга ҳамдард вазият яратинг, жабрланувчини фаол эшитинг ва вазиятга аниқлик киритиш учун саволлар беринг;

  • гендер зўравонликка учраган жабрланувчи мулоқот қилиши мумкин бўлган одамлар сонини чегараланг;

  • бошқа кишилар суҳбатни эшитиб қолиши мумкин бўлган вазиятда гендер зўравонлик ҳақида саволлар беришдан тийилинг;

  • гендер зўравонликка учраган жабрланувчини, айниқса у ўзига тан жароҳати етказишига гумон қилсангиз ёки бундай хавф мавжуд бўлса, ёлғиз қолдирманг.

  • Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мутахассиси ҳар доим гендер зўравонлик жабрланувчи ва бошқа жиноятлар ўртасидаги боғлиқликнинг эҳтимоли борлигини билиши керак. Масалан, ўз жонига қасд қилиш ва “оилавий можаро сабабли қотиллик” ўртасида потенциал боғлиқлик бўлиши мумкин. Йўқолган шахс оилавий жанжал сабабли юзага келган қотиллик қурбони бўлиши мумкин. Бола оилада содир бўладиган зўравонлик ёки шафқатсиз муомаланинг бошқа шаклларидан (бола ёшидаги никоҳлар) қутулиш учун уйдан қочиб кетган бўлиши мумкин.

2.2.

Гендер зўравонлик ҳодисаларини баҳолаш

Гендер зўравонлик жабрланувчиси аниқлангач, ички ишлар органи ходими кейинги қадамлар (ҳуқуқий ёрдам/суриштирув, далиллар тўплаш, гендер зўравонликни ҳужжатлаштириш, қайта йўналтириш) ҳақида қарор қабул қилиши керак. Бунда гендер зўравонлик жабрланувчисига нисбатан самарали чоралар кўриш учун мавжуд ресурслар, малака ва ваколатлар доирасида иш кўриш мақсадга мувофиқдир. Гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчининг эҳтиёжлари ва имкониятлари баҳоланиши керак, чунки бу суриштирув ва ҳуқуқий ёрдамни кўрсатишни кейинги қадамларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматларини тақдим этувчилари қуйидагиларга амал қилиши зарур:

  • тақдим этилган хизматлар учун розилик олиш. Агар жабрланувчи ўқишни ва ёзишни билмаса, англанган розилик тўғрисида ариза жабрланувчига ўқиб берилади ва оғзаки розилик олинади (бу факт англанган розилик тўғрисидаги шаклда ёки тиббиёт қайдномаларида қайд этилади);

  • англанган розилик учун тегишли ахборот тақдим этиш. Бошқа муассасалар/хизмат тақдим этувчилар билан ахборот алмашиш оқибатлари ҳақида жабрланувчига хабар қилиш;

  • жабрланувчига зўравонлик ҳодисаси бўйича маълумотлар алмашувига оид чекланган розилик бериш ҳуқуқини ва қайси маълумот ошкор этилишини, қайси маълумотлар эса сир сақланишини танлашини тушунтириш;

  • гендер зўравонликка учраган жабрланувчидан нима содир бўлганини ўз сўзлари билан айтиб беришини, зўравонлик содир этган шахс, зўравонлик турлари ҳақида сўзлаб беришини сўраш. Жабрланувчидан, унинг фикрича, унинг вазиятида нима гендер зўравонликларнинг бошқа ҳодисалар билан умумий бўлиши мумкинлиги ҳақида эмас, балки аниқроқ бўлишни ва ўз шахсий ҳикоясини айтиб беришни сўраш;

  • калтакланган жойларни, тажовуз даражасини аниқлаш учун видеоёзувдан, расм ва видео материаллардан (схемалардан) имкон қадар кўпроқ фойдаланиш;

  • жабрланувчи ўз ҳикоясини қайта айтиб беришга тўғри келадиган ҳолатлар сонини имкон қадар камайтириш;

  • гендер зўравонликка учраган жабрланувчи холисона, дарди тушунилган ҳолда ёрдам олганлигига ва барчаси унга ёрдам беришга қаратилганлигига ишонч ҳосил қилиш;

  • гендер зўравонликка учраган жабрланувчи у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидан нима кутаётганлигини ифодалаб беришини сўраш;

  • гендер зўравонлик жабрланувчисини ҳимоя қилиш учун унинг эҳтиёжлари ва умидларини тўлақонли ҳисобга олувчи ва буни таъминлаш учун зарур бўлган ёрдам/қўллаб-қувватлашни ўйлаб кўриш.

2.3.

Хизмат тақдим этиш/аралашув

Суриштирув олиб бориш ва далил-исботлар тўплаш гендер зўравонлик ҳолларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Гендер зўравонликнинг кўпчилик шакллари “ёпиқ эшиклар” ортида содир этилиши ва улар ҳақида камдан-кам ҳолларда хабар берилиши туфайли гендер зўравонликка учраган жабрланувчининг кўрсатмалари баъзида зўравонликни содир этган шахс хулқ-атворининг ягона далили ҳисобланади. Тўғри ва тўлиқ суриштирув гендер зўравонликка учраган жабрланувчининг кўрсатмаларини қўллаб-қувватловчи қўшимча далил-исботларни аниқлаш имконини бериши мумкин.

Гендер зўравонлик жабрланувчининг хавфсизлигига устувор аҳамият бериш билан бир вақтда ички ишлар органи ходимлари гумон қилинувчига айбловлар қўйиш ва гендер зўравонликка учраган жабрланувчи тайёрлилига асосланиб, ўз саъй-ҳаракатларининг айблов хулосасини тузиш учун далиллар тўплашга ва тегишли ҳуқуқий тартиб-таомилларни давом эттириш ҳақидаги кейинги қарорларга қаратиши керак. Ички ишлар органи ходимлари гендер зўравонлик жабрланувчининг баёнотига, агар бу фикрлар суриштирув вақтида олинган бошқа холис далил-исботларга зид бўлса, тўлиқ ишона олмайди.

Маҳалла фуқаролар йиғинларида жинсий зўравонликка қарши курашни мувофиқлаштириш учун тегишли гуруҳлар тузиш тавсия этилади. Бу гуруҳ таркибига профилактика инспектори, маҳалла вакиллари, масжид имомлари, ўқитувчилар, психологлар, соғлиқни сақлаш тизимлари, жамоат ташкилотлари вакилларини киритиш мақсадга мувофиқдир. Имкон қадар, мунтазам равишда, ойига камида бир марта, ушбу гуруҳ вакиллари учрашувини ташкил қилиш керак бўлади. Ҳар бир профилактика инспектори мувофиқлаштириш гуруҳининг барча аъзолари учун алоқа рақамлари рўйхатига эга бўлиши зарур.

2.3.1.

Суриштирув

  • Воқеа жойига чақирилиб, зўравонлик турини аниқлашда, жабрланувчи билан дастлабки суҳбат ўтказишда, имкон даражасида жабрланувчи ишонч билдираётган шахсни ҳам суҳбатга таклиф қилиш;

  • гендер зўравонлик жабрланувчисига малакали юридик ёрдам олишга, шу жумладан аниқ ҳолларда бепул юридик ёрдам олишга доир қонуний ҳуқуқини ва уни амалга ошириш усулларини тушунтириш;

  • жабрланувчига воқеалар ривожининг мумкин бўлган вариантлари ҳақида маслаҳат ва ёрдам бериш, шунингдек у қарор қабул қила олиши учун зарур ёки фойдали бўлиши мумкин бўладиган барча маълумотни тақдим этиш;

  • гендер зўравонлик жабрланувчининг шикоятларини жиноятларни/ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олиш китобида қайд этиш/маълумот базасига киритиш;

  • маълумотларнинг/далилларнинг махфийлиги ҳақида жабрланувчини такроран хабардор қилиш;

  • жабрланувчидан нима бўлганини ўз сўзлари билан таърифлашини, зўравонлик содир этган шахс, зўравонлик турлари ва уларнинг оғирлиги ҳақида сўзлаб беришини сўраш. Бошқа хизмат тақдим этувчилар ҳисобот бериши ҳисобга олинса, айрим маълумотлардан фойдаланиш имконияти бўлади.

  • жабрланувчи тушган вазиятга таъсир кўрсатадиган ижтимоий, оилавий ва шахсий жиҳатларни тушуниш учун эҳтиёжлар ҳамда ресурсларни баҳолаш;

  • жабрланувчига ҳимоя ордери ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёрдамида ўтказилиши мумкин бўлган ҳаракатлар/аралашув ҳақида хабардор қилиш;

  • мажбурий юридик ҳаракатлардан иборат хизматларни тақдим этиш (масалан, айрим жиноятлар учун одил судлов ишини тақдим этиш гендер зўравонлик ҳақида ариза ёки хабар берилганлигидан қатъи назар мажбурий ҳисобланади);

  • гендер зўравонлик жабрланувчининг бевосита руҳий эҳтиёжларига таъсир кўрсатиш учун психологик қўллаб-қувватлашни таклиф қилиш (энг зарурларини). Агар бунинг имкони бўлмаса, ихтисослашган хизматга ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёки у ерга жабрланувчини қайта йуналтириш;

  • зарурат бўлса ёки жабрланувчининг илтимоси билан ижтимоий кўмак сўраб мурожаат қилиш;

  • жабрланувчининг ўзи ва фарзандларининг хавфсизлигини ошириш учун хавфсизликни режалаштиришда жабрланувчига ёрдам бериш;

  • агар зарур бўлса, тиббий ёрдам бериш;

  • жабрланувчи ўз сўзлари билан нимани ошкор қилаётганлигини қайд этиш;

  • барча ёзувларни хавфсиз ва махфий жойда сақлаш;

  • жабрланувчига ёзувлардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида хабардор қилиш;

  • зўравонлик ҳаракатини содир этган шахс билан жанжаллашишдан тийилиш.

Вояга етмаган жабрланувчилар билан ўтказиладиган суриштирув ҳаракатлари жараёнида ўқитувчи, васийлик ва ҳомийлик органларининг қонуний вакили, агар керак бўлса, психолог иштирок этиши шарт; алоҳида ҳолларда стенография, видеокузатув, шунингдек аудио ва видео ёзувлар тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналарда сўроқ қилиш тартиби суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан белгиланади. Зарурат туғилганда, адвокат, вояга етмаган жабрланувчининг қонуний вакили, ўқитувчи ёки психолог саволларнинг моҳиятини ўзгартирмасдан қайта тузиш ҳуқуқига эга.

2.3.2.

Далиллар тўплаш

Ички ишлар органи ходимлари далиллар бутунлигини сақлайдилар ва ашёвий далилларни топшириш жараёнида уларни тўғри белгилайдилар, ўрайдилар (упаковка), тўпланган даллиларга ёрлиқларни бириктирадилар ва қўриқлайдилар, шу жумладан қуйида келтирилган даллиларни ҳам:

  • зўравонлик хусусиятига эга ҳаракатлар вақтида кийилган ва шундан кейин, айниқса жинсий зўравонлик содир этилганидан кейин, эгнида бўлган кийимларни;

  • гендер зўравонлик жабрланувчини жароҳатларининг (агар мавжуд бўлса), гумон қилинаётган шахс жароҳатларининг (агар мавжуд бўлса) ва жиноят жойларининг фотосуратларини ва/ёки видеоёзувларини. Жабрланувчи танасидаги жароҳатларни суратга олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими жабрланувчи билан бир жинсда бўлиши тавсия этилади;

  • воқеа юз берган жойни схемаси, жароҳатлар етказилган жойнинг жойлашганлигини аниқлаш учун бошқа кўргазмали материаллар (схемалар);

  • ёзувлар, SMS-хабарлар, диктофондаги ёзувлар, телефон суҳбатлари.

ДНК-далиллар жинсий жиноятларни текширишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Гендер зўравонлик жабрла- нувчининг ва гумон қилинаётган шахснинг танаси ҳамда кийимига қўшимча равишда қон, тер, сўлак, соч ва сийдик каби биологик далилларни сақловчи презервативлар, чойшаб, кўрпа, ёстиқ, бутилка сингари жиноят белгиларининг кўплаб бошқа потенциал манбалари мавжуд. ДНК далилларини тўғри тўплаш учун ички ишлар органи ходимлари ички стандарт операцион тартибтаомилларга мувофиқ фаолият олиб боради.

Ички ишлар органи ходими гендер зўравонлик жабрланувчисига далиллар тўплаш жараёнини, хусусан:

  • жабрланувчига далилларни сақлаш/йўқ қилиб юбормаслик учун нима қилиш кераклигини ва нимадан тийилишни (масалан, ювинмасликни, кийимни алмаштирмасликни);

  • тўпланган далиллар нима учун муҳим/фойдали бўлиши мумкинлигини тушунтириш.

2.3.3.

Гендер зўравонликнинг такрорланмаслиги учун ҳуқуқий ёрдам

Профилактика инспектори маҳалла фуқаролар йиғинларида, мактабгача таълим ва умумтаълим муассаса- лари, бошқа ташкилотлар ва муассасалар вакиллари билан яқин ҳамкорликда ишлаши муҳим. Чунки маҳалла фукаролар йиғинларида қўшма тадбирларни ўтказиш ва нотинч оилалар билан ишлаш гендер зўравонлик ҳодисалари мавжудлигини аниқлаш ва олдини олиш имкониятини беради;

  • агар гендер зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари аниқланса, ҳимоя ордери бериш чоралари кўрилади. Зарурат туғилганда, жабрланувчи хавфсиз вақтинчалик яшаш жойига (шелтер/бошпана) жойлаштирилади;

  • зўравонлик содир этган шахсни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш, қонунчиликка мувофиқ уларга нисбатан жазо / жарималарни қўллаш масаласини ҳал қилиш;

  • гендер зўравонлик ҳодисаси қайтарилишининг олдини олиш учун медиаторлик хизмати вакилларини, оилавий психологлар жалб қилиш тавсия этилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими томонидан гендер зўравонлик жабрланувчисига ҳимоя ордери, жиноят/ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга эса ҳимоя ордери нусхаси берилиб, бу ҳақда уларнинг имзолари олинади, ушбу ҳужжатнинг тартиби бузилган тақдирда, бунинг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлиши тушунтирилади.

Агар гендер зўравонлик жабрланувчиси вояга етмаган шахс бўлса, у ҳолда вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик ҳолати ёки вояга етмаган шахс томонидан зўравонлик содир этилганлиги тўғрисидаги сигнал олиниши билан шу воқеа ҳақидаги хабар олиниши заҳоти профилактика инспектори ва вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектор гендер зўравонлик содир бўлган жойга дарҳол етиб келишлари шарт.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектор зўравонлик фактини тасдиқлашда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юбориш учун керакли материалларни тўплайди, бу ерда боланинг келгуси тақдири масаласи ҳал қилиниши керак бўлади. Вояга етмаган шахслар баъзи ҳолларда, суд қарори асосида, вояга етмаган шахслар учун мўлжалланган ИИБ ҳузуридаги ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига юборилади, бундай муассасаларда уларга педагогик, психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, қизларга эса аёл тарбиячилар ёрдам берадилар.

2.3.4.

Хавфларни баҳолаш ва бошқариш

Ички ишлар органи ходими гендер зўравонлик ҳодисасига жавобан чоралар кўрганда зўравонликнинг такрорланишига (такрорий виктимизация) олиб келиши мумкин бўлган хавф омилларини ўрганиши лозим. Улар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

  • жабрланувчи, болалар ёки оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан гендер зўравонликнинг аввалги ҳодисалари/воқеалари. Шилқимликлар, зўравонликни содир этганда фойдаланилган шакллар ва воситалар, аввалги жиноятлар ва ички ишлар органига берилган аризалар, қуролдан фойдаланганлик ҳақида маълумотлар хавфни баҳолаш кўрсаткичи ҳисобланади;

  • оиладан ташқари тажовузкор хатти-ҳаракатлар;

  • айрилиқ ва ажрашиш хавф ошган даврлар ҳисобланади;

  • бошқа оила аъзоларининг зўравонлик содир этган шахс билан тил бириктириши;

  • қуролга қонуний ёки ноқонуний эгалик ва/ёки ундан фойдаланиш ёхуд қурол қўллаш билан таҳдид солиш;

  • алкогол ичимликлар ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш хулқ-атворни бузиши ва зўравонликнинг кучайишига олиб келиши мумкин;

  • таҳдидлар, жумладан, ўлдириш билан таҳдид қилиш жиддий қабул қилиниши керак;

  • ҳаддан ортиқ рашк ва хўжайинчилик қилиш;

  • муносабатларда ҳаддан ортиқ патриархал тушунчалар;

  • тазйиқ ўтказиш ва психологик тажовузкорлик;

  • судлар ёки ички ишлар органи томонидан берилган тақиқловчи буйруқларга риоя этмаслик;

  • зўравонлик бирдан кучайишига олиб келиши мумкин бўлган сабаблар (муносабатлардаги ўзгаришлар).

2.4.

Гендер зўравонлик ҳолатини ҳужжатлаштириш

Гендер зўравонлик ҳодисасини ҳужжатлаштириш ички ишлар органи хизматларини тақдим этиш вақтида бир нечта босқичда амалга оширилади. Бу босқичлар гендер зўравонлик жабрланувчиси билан илк суҳбат, ИИБ тизимида (шошилинч чақирув тизими, рўйхатга олиш хизмати) қайд қилиш, гендер зўравонлик жабр- ланувчиси ва зўравонлик содир этган шахсларнинг кўрсатмаларини олиш, суриштирув жараёни ва бутун иш умумлаштириладиган якунловчи ҳаракатларни ўз ичига олади.

Гендер зўравонлик ҳодисаларини ҳужжатлаштириш қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши мумкин:

  • далил тўплаш бўйича маъмурий/расмий кўрсатмалар (масалан, тўлдирилиши керак булган намуналар ва уларнинг турлари, далил тўпловчи мутахассис/хизмат кўрсатувчи, далил тўпланадиган жой ва ҳоказо);

  • жиноят содир этилган жойда кузатув, шу жумладан гендер зўравонлик жабрланувчисининг ва жиноятни содир этган шахснинг хатти-ҳаракатлари;

  • зўравонлик ҳодисаси ҳақида тўлиқ маълумот, шу жумладан тахмин қилинган жиноятчига нисбатан мавжуд далиллар;

  • зўравонлик тури (жисмоний, жинсий, руҳий ва иқтисодий);

  • қурол ёки бошқа воситаларни қўллаш (қандай қилиб ва қандай тури);

  • мазкур ҳаракатларни содир этиш гумон қилинувчи томонидан режалаштирилган ёки йўқлиги;

  • гендер зўравонликка учраган шахс жароҳатларининг табиати ва жиддийлиги (жисмоний ва эмоционал);

  • аввалги ҳодисаларга, шу жумладан собиқ жинсий шериклари билан бирга юз берган ҳодисалар ҳақида маълумот;

  • ҳодиса юз беришидан олдин ёки кейин бирор-бир таҳдид ҳақидаги батафсил маълумот;

  • гендер зўравонликка учраган жабрланувчи ва зўравонлик ҳаракатларини содир этган шахс ўртасидаги муносабатлар;

  • юз берган ҳодисани кўрган гувоҳлар, айниқса болаларнинг воқеа ҳақидаги фикрлари;

  • оила аъзоларининг, айниқса қарамоғида бўлган оила аъзоларининг фикрлари;

  • хафсизликни режалаштириш чоралари;

  • кейинги режалар ва кўрилган ҳаракатлар.

Гендер зўравонликка учраган жабрланувчини ёки жиноятчини сўроқ қиладиган, далилларни аниқлайдиган ёки жиноят жойини кўздан кечирадиган ички ишлар органи ходими ўз ҳаракатлари ва натижалар ҳақида батафсил ҳисобот тақдим этиши керак.

2.5.

Бошқа хизмат тақдим этувчиларга йўналтириш /қайта йўналтириш

Қайта йўналтириш тизимнинг мақсади гендер зўравонлик жабрланувчисининг шошилинч ва кўп сонли эҳтиёжларини қондириш ва бу орқали ҳисобот беришнинг энг хавфсиз ва самарали усулидан фойдаланиш, жабрланувчига тегишли ёрдам кўрсатилиши, даволаниши, шунингдек, ижтимоий ва бошқа хизматлардан фойдаланишини мувофиқ равишда таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, қайта йўналтириш тизими хизматларни тақдим этишда мувофиқлаштирилган ёндашувга қаратилган. Барча хизмат кўрсатувчилар гендер зўравонлик жабрланувчиси учун дастлабки мулоқот қилувчи ташкилот ёки мутахассис бўлишидан қатъи назар, тизим ва қайта йўналтириш имкониятлари ҳақида тегишли маълумотга эга бўлишлари керак.

Агар тегишли муассасалар/ташкилотлар, аниқ хизмат тақдим этувчилар (мутахассислар) ва алоқа маълумотлари тўғрисидаги маълумотлар /тафсилотлар тизимлаштирилиб, барча тегишли муассасаларга етказилса, мазкур қайта йуналтириш тизим самарали ишлайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматларини тақдим этувчилар қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

  • сўралганда ва/ёки зарурат туғилганда бошқа хизмат тақдим этувчиларга мурожаат қилиш имконияти тўғрисида жабрланувчини хабардор қилиш;

  • гендер зўравонлик жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, шу жумладан бошпана хусусида ёрдам кўрсатиш ва маслаҳат бериш;

  • агар жисмоний ёки жинсий зўравонлик белгилари яққол бўлса, гендер зўравонликка учраган жабрланувчи тиббий текширувдан ўтказилганлигига ва у тиббий ёрдам олишига ишонч ҳосил қилиш. Жабрланувчининг эҳтиёжлари ва хоҳишлари ҳисобга олинганда у учун кимларга қайта йўналтириш фойдали бўлиши мумкинлигини аниқлаш;

  • жабрланувчига унинг илтимосига кўра ва/ёки заруратга қараб бошқа хизмат тақдим этувчиларга қайта йўналтириш мумкинлиги ҳақида хабардор қилиш;

  • ҳар қандай кейинги босқичдан олдин жабрланувчининг бошқа мутахассисга қайта йўналтириш учун учун англанган розилигини олиш;

  • қайси маълумот бошқа хизмат тақдим этувчиларга тақдим этилишини, қайси маълумот эса сир сақланишини жабрланувчидан аниқлаштириб олиш (бирор-бир ҳуқуқий тартибга солиш/чеклов бор-йўқлигини кўрсатиш);

  • қуйида келтирилган схемага риоя қилиб, жабрланувчига хизмат тақдим этувчилар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот бериш:

КИМ — қайси муассаса/ташкилот гендер зўравонлик жабрланувчиларга хизмат тақдим эта олади, шу жумладан мазкур хизматдан фойдалана олиш учун боғланиш мумкин бўлган шахс ҳақида маълумот (исми, телефон рақами).

НИМА — жабранувчилар хизмат тақдим этувчидан аниқ қандай ёрдам олишга, шу жумладан мазкур хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ харажатлар ҳақида ахборот олишга умид қилиши мумкин.

ҚАЕРДА — мазкур хизматлар тақдим этиладиган жойнинг аниқ жойлашуви (аниқ манзили).

  • гендер зўравонлик жабрланувчининг танловига кўра қайта йўналтириш;

  • қайта йўналтиришни амалга оширишда бошқа хизмат тақдим этувчига қисқа ёзма ҳисобот ёки телефон орқали суҳбати билан тўлдириш. Бу жабрланувчи кўп сонли сўровлар вақтида ўз ҳикоясини такроран айтиб беришига ва айни ўша саволларга жавоб беришига ҳамда гендер зўравонлик ҳодисаси етказган руҳий жароҳатни яна ҳис этишига тўғри келадиган вазиятларга имкон бермаслик учун керак;

  • жабрланувчига ўзи қайта йўналтириш амалга ошириш имкониятини бериб, унинг мустақиллигини рағбатлантириш;

  • агар зарур бўлса ва имкони бўлса, ўзи танлаган хизмат тақдим этувчининг олдига боришда жабрланувчига ҳамроҳ бўлиш.
Расмий сўров ўтказилган куннинг эртаси куни жабрланувчига қайта йўналтириш тизими доирасида кун давомида нима юз берганлиги, у ёрдам олгани ёки йўқлиги, кўрсатилган манзиллар бўйича мурожаат қилганлиги ёки йўқлиги, қандай тўсиқлар пайдо бўлганлиги, янги таҳдидлар мавжудлиги, яна қандай ёрдам кераклигини суриштириш мақсадга қўнғироқ қилиш мувофиқдир.