ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИК БЎЙИЧА ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ
СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ

3-модул. Гендер зўравонлик бўйича ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза
қилиш хизматларини тақдим этишнинг стандарт операцион иш тартиблари

5/6

1.5. ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ЖАБРЛАНУВЧИСИ БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

1.5.

Гендер зўравонликнинг жабрланувчиси билан ўзаро муносабат қандай бўлиши лозим

Гендер зўравонликка учраган жабрланувчи билан ўзаро муносабатни ўрнатишда ички ишлар органи ходимига қуйидагилар тавсия этилади:

  • ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг мақоми билан боғлиқ бўлган ва гендер зўравонлик жабрланувчисини қўрқитиши мумкин бўлган ҳар қандай буюмларни (масалан, қурол, дубинка) имкон даражасида гендер зўравонлик жабрланувчиси билан гаплашадиган хонага олиб кирманг. Агар бунинг иложи бўлмаса ва бундай буюмлар сизда бўлиши шарт бўлса, буни гендер зўравонлик жабрланувчисига тушунтиринг ва бу унинг ҳолатига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидланг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчиси билан, иложи борича, ўша жинсдаги ходим ўзаро муносабат ўрнатсин, одатда гендер зўравонлик жабрланувчиси эркак кишидан кўра аёл киши билан бемалол муносабатга киришади;

  • зўравонлик ҳақидаги масалаларда ташаббусни ўз зиммангизга олинг — жабрланувчи ҳаммасини ўзи айтиб беришини кутманг. Бу у тушган вазият учун профессионал жавобгарликни ўз зиммангизга олишингизни кўрсатади ва ишончли муносабатлар ўрнатилишига ёрдам беради;

  • оила аъзолари, дўстлари, фарзандлари ёки бошқа шахслар (таклиф этилган мутахассислардан ташқари) олдида жабрланувчига гендер зўравонлик ҳақида саволлар беришдан тийилинг;

  • гендер зўравонликни бошдан кечирган жабрланувчилар билан муомала қилишда сабрли бўлинг. Улар инқирозли ҳолатда чалкаш ҳис-туйғуларга эга бўлиши мумкинлигини унутманг. Жабрланувчининг барча дардларини очиб-сочишига мажбурламанг. Агар у очилиб гаплашмаса, унга зўравонлик содир этилганлигига гумонларингиз ҳақидаги ўз фикрингизни айтинг;

  • кераксиз танаффуслар қилманг ва жабрланувчи ўз кечинмалари ҳақидаги гапларини якунлаганидан сўнггина тушуниб олиш учун саволлар беринг;

  • уни эътиборсиз ва изоҳларсиз тингламанг. Бу уни сизнинг унга ишонмаётганингиз, у ноҳақ, зўравонликни содир этган шахс эса ҳақ деб ўйлашга мажбур қилиши мумкин. Унинг кечинмаларига диққат билан қулоқ солинг ва унинг туйғулари тўғри эканлигига ишонтиринг;

  • “танангиз тилини” ҳис қилинг. Сизнинг туришингиз, қўлингиз ва бошингиз ҳолати, юзингиз ифодаси ва овозингиз оҳанги — буларнинг барчаси жабрланувчига вазиятни қандай қабул қилаётганингиз ҳақида аниқ сигнал беради. Холис бўлинг ва уни қўллаб-қувватланг ҳамда у гапираётган нарсалар ҳақиқат эканлигини тасдиқланг. Жабрланувчига нисбатан ғазабланиш, ишонмаслик, ёқтирмаслик ёки жаҳлни ифодаловчи тана ишораларидан фойдаланманг;

  • жабрланувчи сўзлашадиган тилда гапиринг, зарур бўлса таржимон таклиф қилинг;

  • жабрланувчини чалғитиши мумкин бўлган касб билан боғлиқ сўзлар ва иборалардан фойдаланманг;

  • саволлар ва ибораларни ҳамдардлик оҳангида қулай ва холис ишлатинг;

  • “Нима учун зўравонликни содир этган шахс билан бирга қолаяпсиз?”, “Сиз зўравонлик содир этилган жойда бир ўзингиз нима қилаётган эдингиз?”, “Қандай кийимда бўлгансиз?” деган саволлар берманг. Бунинг ўрнига уни гендер зўравонликка тоқат қилиб бўлмасликка ишонтиринг;

  • “Сиз билан бу рўй берганидан афсусдаман” ёки “Сиз ростдан ҳам кўп нарсани бошингиздан ўтказибсиз” каби қўшимча фикрлардан фойдаланинг, улар жабрланувчини кўпроқ ахборотни ошкор қилишга рағбатлантиради;

  • зўравонлик жабрланувчининг айби эмаслигига ва фақат зўравонликни содир этган шахс бунинг учун жавоб беришига урғу беринг;

  • маълумотлар махфий бўлиб қолишини тушунтиринг ва жабрланувчига махфийликка оид чекловлар ҳақида хабардор қилинг;

  • маданият ёки дин нормаларига асосланиб жабрланувчининг хулқ-атвори ҳақида ҳукм чиқарманг.