Жабрланувчиларни ҳимоя қилиш. Ёрдам сўраган жабрланувчидан у дуч келган зўравонликни исботлашни ҳеч қачон талаб қилмаслик керак. Жабрланувчини диққат билан эшитиш, унга ишониш ва унга озор етказмасдан ва баҳо бермасдан, ҳурмат билан жавоб бериш жуда муҳимдир. Зўравонлик жабрланувчилари узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш ва ҳимояга, барча процедуралар ва мувофиқлаштириш ишларини олиб бориш жараёнларида хизмат кўрсатувчиларнинг ёрдамларига муҳтождирлар.
Гендер хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ёндашув. Хизмат кўрсатишда хотин-қизларга нисабатан зўравонликнинг гендер динамикаси, таъсири ва оқибатларини тан оладиган ёндашувни намойиш этиш керак.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи аёллар ва ихтисослаштирилган хизматлар. Ушбу соҳада эксперт ҳисобланган аёл мутахассисларнинг қўллаб-қувватланиши ва ёрдамини таъминланг. Хотин-қизлар учун ўз жинсига мансуб бўлган шахслар томонидан тақдим этиладиган хизматлар зўравонлик жабрланувчиларининг мустақил ҳаётда фаол равишда ўзларининг кучли томонларини синаб кўришларига имкон берувчи моделни таклиф қилади.
Турфа хилликка нисбатан бағрикенглик. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига кўрсатиладиган хизматлар ёши, миллати, эътиқоди, ногиронлиги, этник келиб чиқиши ва бошқа шу каби хусусиятларга қараб камситиш характерига эга бўлмаслиги керак. Тақдим этиладиган хизматлар жабрланувчилар учун ҳар томонлама очиқ ва аёлларнинг алоҳида эҳтиёжларини ҳисобга олиши зарур. Психологик хизматлар хотин-қизларнинг муайян гуруҳлари, шу жумладан, ҳимояга муҳтож гуруҳларга (ўзи ёхуд фарзанди ногирон, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки синов муддати берилган ва бошқа махсус хизматларга муҳтож) хотин-қизларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиши керак. Психологик хизматларни кўрсатувчилар истеъмолчиларнинг турфа хиллигини ва уларнинг камситилмаслигини ҳурмат қилишлари лозим.
Гендер зўравонлик жабрланувчиларига йўналтирилган ёндашув. Гендер зўравонлик билан боғлиқ ҳодисаларга муносабат билдириш (жавоб қайтариш)да энг мақбул ёндашув — бу жабрланувчининг хоҳиш-истаклари, ҳуқуқ-манфаатлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда унинг эҳтиёжларини аниқлаш, вазиятни тушунтириш ҳамда ушбу вазиятдан чиқиш йўлларини танлашга кўмаклашувчи ҳурмат-эътиборга асосланган шароитни яратиб беришдир.
Қўриқлаш ва хавфсизлик. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига ёрдамни ташкиллаштириш ва таъминлаш жараёнларида жабрланувчи ва психологик хизматлар кўрсатувчиларнинг ҳар иккаласининг ҳам хавфсизлиги устувор аҳамиятга эга бўлиши зарур. Гендер зўравонлик жабрланувчисининг хавфсизлигини баҳолаш хотин-қизлар гендер зўравонликка учрагани ҳақида хабар қилганида ва бевосита уларнинг шахсига ойдинлик киритиш вақтида амалга оширилиши керак. Бундан ташқари, гендер зўравонлик жабрланувчиси ва маслаҳатчининг шахсий хавфсизлигини баҳолаш ҳар бир маслаҳатнинг ажралмас бир қисми бўлиши даркор. Гендер зўравонлик жабрланувчисига маслаҳат беришнинг дастлабки босқичида жабрланувчи, маслаҳатчи ёки унинг ҳамкасбларига мумкин қадар зарар етказмасдан амалга оширилишини таъминлаш учун эҳтимолий таҳдидларни (зўравонликни содир этган шахс томонидан қилинадиган тажовузкорона хатти-ҳаракатлар) кўриб чиқиш зарур.
Махфийлик ва анонимлик. Махфийликка қатъий риоя қилиш гендер зўравонлик жабрланувчиларининг ҳам, психологик хизмат кўрсатувчиларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим устувор чораси ҳисобланади. Жабрланувчининг махфийлиги доимо сақланиши керак.
Бу қуйидагиларни ўз ичига олади:
- фақат зарур бўлган ҳоллардагина ёки жабрланувчининг илтимосига биноан ва фақат унинг розилиги билан керакли маълумотларни алмашиш;
- ҳеч қандай маълумот жабрланувчининг розилигисиз бирор ташкилот ёхуд бошқа мутахассисларга берилмаслиги керак. Жабрланувчи ёки унинг фарзандлари ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган (масалан, ўз жонига қасд қилишга уриниш, зўравонлик содир этган шахс томонидан таҳдид) ҳолатлар бундан мустасно.
Шунингдек, жабрланувчи аёл аноним равишда маслаҳат ва ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Маслаҳатчи психолог мутахассислигидаги шахсларнинг махфий маълумотларни алмашуви қуйидагиларни англатади:
- баъзи бир маълумотлар фақат “зарурат” тамойили асосида психологик хизмат соҳасидаги бошқа ҳамкасбларга тақдим этилиши мумкин;
- агар жиддий сабаб (масалан, тиббий) бўлса, маълумотларни ҳамкасбларга ошкор қилиш мумкин ва бунда психологик хизматлар тақдим этувчи жабрланувчини бошқа психологик хизмат кўрсатувчи ташкилот/муассаса ёки тегишли мутахассисга ўтказади;
- бу вазиятни жабрланувчига, албатта, олдиндан тушунтириш лозим ва у ўзи ҳақидаги қандай маълумот кимга, нима мақсадда берилишини билиши зарур. Бунинг учун жабрланувчи ёки унинг васийси (айниқса, у бола бўлса)нинг розилиги олиниши шарт.
Агар махфийлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий ҳисобот бериш тўғрисидаги қарор билан чекланган бўлса, жабрланувчи бу ҳақида дарҳол хабардор қилиниши керак.
Онгли (хабардорликка асосланган) танлов. Ҳар қандай хатти-ҳаракат фақат жабрланувчининг рухсати билан амалга оширилиши керак, яъни кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тўлиқ маълумот, шунингдек, ушбу хизмат кўрсатиш тамойиллари ва шартлари ҳақида жабрланувчи хабардор қилинганидан сўнг бу жараёнлар унинг онгли равишдаги розилиги билан амалга оширилади.
Камситилишга йўл қўйилмаслиги. Миллати, ирқи, дини, жинси, ёши, маълумоти, этник келиб чиқиши, яшаш жойи, ногиронлиги, оилавий аҳволи, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, гендер зўравонликнинг барча жабрланувчилари тенгдирлар ҳамда психологик хизматлар ва уларга нисбатан муомаладан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бепул хизматлар. Гендер зўравонлик жабрланувчиларини қўллаб-қувватлаш хизматлари бепул тақдим этилади.
Ҳуқуқ ва имкониятларнинг кенгайиши. Ҳар қандай қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсади заифликни енгиш ва хотин-қизларга мустақил ҳаёт кечиришлари учун шароит яратадиган ҳуқуқ ва имкониятларни беришдан иборат бўлиши керак. Жабрланувчи шахсга нисбатан “касал” ёки “муаммоли” деган муносабатда бўлиш керак эмас, чунки бу унинг позициясини янада сусайтиришга хизмат қилади. Аксинча, унга ўзининг кучли позицияси мавжудлигини англашда яқиндан ёрдам бериш орқали жабрланувчининг унга нисбатан зўравонликни содир этган шахс қандай қилиб унинг устидан ҳукмронликни қўлга киритганини тушунтириш мақсадга мувофиқдир. Зўравонлик механизмларини яхши тушуниш ва тафаккур қила олиш хотин-қизларга унга қарши самарали кураш стратегиясини ишлаб чиқиш имконини беради.
Ҳисоботдорлик. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига хизматлар тақдим этувчи ташкилот ва муассасалар ёрдам олувчилар ва умуман, жамият олдида жавобгардирлар. Улар нафақат жавоб қайтариш объекти сифатида, балки манфаатдор томонларнинг хизматлар сифати ҳақидаги фикрлари сифатида ҳам ташкилот/муассасалар учун алоҳида аҳамиятга эга. Бу жараёнда хотин-қизларнинг иштироки ва жалб этилиши, айниқса, аёллар ва болалар маълум муддат вақтинча яшайдиган бошпаналар ва бошқа хизматлар учун жуда муҳимдир.
Вақтинчалик яшаш жойи (масалан, реабилитация маркази) аёллар ҳаёти учун бошқарув ва назорат объекти бўлиб қоладиган муассасага айланиб қолмаслиги керак, аксинча, уларни бу жойларда мустақил қарорлар қабул қилиш жараёнига тортишга ҳаракат қилиш лозим.
Бошқарувни эҳтиёткорлик билан ишлатиш керак. Қоидалар албатта зарур, аммо улар, асосан, кўрсатма- лардан иборат бўлиши ва вақтинча истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг шахсий эркинликларига ортиқча чекловларни қўймаслиги керак.