ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИККА ЖАВОБАН ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ


Модул 3.1. Гендер зўравонликка идоралараро жавоб қайтаришнинг асослари

2/5

1.1. Стандарт операцион иш тартибларининг мақсад ва вазифалари

Стандарт операцион иш тартибларидан нима мақсаддан фойдаланилиш зарур:

Сифатли ижтимоий хизматларни кўрсатиш гендер зўравонликка жавобан мувофиқлаштирилган идоралараро ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ижтимоий хизматлар зўравонликни бошдан кечираётган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли хизматларни, инқирозли вазиятлар ва ёрдам кўрсатиш ҳақида маълумотни, хавфсиз бошпана билан таъминлаш ҳамда юридик ва ҳуқуқий ахборот ва маслаҳатлар беришни ўз ичига олади.

Стандарт операцион иш тартиблари гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчиларга ёрдам берадиган маслаҳатчилар деб аталадиган ижтимоий хизмат кўрсатувчиларнинг ўзаро боғлиқ ва изчил ҳаракатларининг аниқ ва батафсил тавсифини беради.

Ижтимоий хизмат кўрсатувчилар томонидан гендер зўравонлик ҳолатларига аралашувда стандарт операцион иш тартибларидан фойдаланиш мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчиларни самарали аниқлаш учун ёрдам;

  • зўравонликка жавобан барча хизматлар/мажмуавий ёрдам босқичларида жабрланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва/ёки яхшилаш;

  • хизматлар кўрсатиш сифати ва бир-бирига мувофиқлигини таъминлаш;

  • гендер зўравонлик ҳодисаси ҳақида ҳужжатлаштириш ҳамда маълумотларни тўплаш жараёнини такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга кўмаклашиш;

  • гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчиларга кўрсатиладиган хизматлар махфийлигининг кафолати;

  • гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчиларни бошқа хизмат кўрсатувчиларга самарали йўналтирилишига кўмаклашиш; шунингдек, ижтимоий хизматларни гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчига хизмат кўрсатадиган бошқа хизматлар билан боғлаш.

Гарчанд эркаклар ва ўғил болалар жинсий зўравонликнинг бевосита ёки билвосита оқибатларидан азоб чекиши мумкин бўлса-да, стандарт операцион иш тартибларининг асосий диққат-эътибори хотин-қизларга қаратилган, чунки улар тез-тез шафқатсиз муносабат ҳамда зўравонликка дуч келишади, хотин-қизлар дуч келадиган зўравонлик шакллари, тез-тез такрорланиш даражаси ва оқибатлари эса эркаклар йўлиқадиган зўравонликдан бутунлай фарқ қилади.

1.2. Стандарт операцион иш тартибларининг қўлланилиши

Ушбу СОТ қачон қўлланилиши керак:

Стандарт операцион иш тартиблари босқичма-босқич амалга ошириладиган кундалик фаолият бўлиб, улар ҳар қандай ижтимоий хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ходимлари амал қилишлари лозим бўлган функциялар ва мажбуриятларни тартибга солувчи аниқ тартиб-қоидаларни тавсифлайди. Булар гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчилар учун ижтимоий ёрдам кўрсатишга ихтисослаштирилган давлат муассасалалари ва ташкилотлари, шунингдек, гендер масалаларида фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлишлари мумкин.

Гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчиларга тақдим этилиши керак бўлган кенг кўламли параметрлар ва ҳолатларда асосий ижтимоий хизматлар қуйидагилардан иборат:

  • инқирозли вазиятларда маълумот бериш;

  • бошқа бевосита хизмат кўрсатувчиларга йўналтириш;

  • инқирозли вазиятларда маслаҳатлар бериш;

  • ишонч/ёрдам телефонлари;

  • хавфсиз бошпана;

  • моддий ва молиявий ёрдам;

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни шакллантириш, тиклаш, алмаштириш;

  • юридик ва ҳуқуқий ахборот, маслаҳат бериш ва вакиллик қилиш, шу жумладан аралаш ҳуқуқий тизимларда;

  • ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва маслаҳат бериш;

  • хотин-қизларнинг алоҳида эҳтиёжларини қондириш учун қўшимча хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яратилишига кўмаклашиш (ногиронлик, қонунчилик билан зиддиятлар ва бошқалар). Масалан, ногиронлик нафақасини олиш, реабилитация хизматлари, имтиёзли дори-дармонлар, даволаниш, уй-жой билан таъминланиши, адвокат ёрдами, болалар боғчалари хизматлари учун ҳақ тўлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга қараш учун нафақалар олиниши ва бошқалар;

  • зўравонликка учраган ҳар қандай вояга етмаганлар учун болалар хизматлари;

  • иқтисодий мустақилликка, тикланиш ва қарам бўлмасликка ёрдам;

  • жамоатчилик учун ахборот тайёрлаш, аҳолини ўқитиш ва ишлаш;

  • гендер зўравонликка жавобан идоралараро ҳамкорликнинг бошқа иштирокчилари ўртасида маълумотларни тўплаш ва ахборотни бошқариш.

Ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари:

  • Жабрланувчининг хизматларни олишда англанган розилиги¹;

  • Зўравонлик ҳолати билан билан боғлиқ маълумотларнинг сир тутилиши (махфийлиги);

  • Жабрланувчининг алоҳида эҳтиёжларига диққат-эътибор қаратиш ва ҳисобга олиш;

  • Хизматлардан баҳраманд бўлиш имконияти ва бошқа хизмат тақдим қилувчиларнинг хизматларидан фойдаланиш имконияти;

  • Бошқа хизмат кўрсатувчиларга йўналтириш;

  • Хавфларни баҳолаш ва бошқариш;

  • Ходимларни соҳага мувофиқ тайёрлаш ва касбий кўникмаларни ривожлантириш;

  • Барча хизмат кўрсатувчилар ўртасида мувофиқлаштирилган ҳаракатлар;

  • Мониторинг, баҳолаш ва ҳисобдорлик.

¹Англанган розилик - бу жабраланувчининг маданий хусусиятларига асосланган барча ахборотни ва маълумотларни қабул қилиш натижасида розилиги.
Стандарт операцион иш тартибларини янада самарали амалга ошириш учун уни амалда қўллаш пайтида маслаҳатчиларни минимал тайёрланиши таъминланиши лозим. Маслаҳатчиларни ўқитиш гендер зўравонликка жавобан идоралараро ҳамкорлик, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тиббий, психологик ва ижтимоий хизмат кўрсатувчиларнинг гендер зўравонликка ихтисослаштирилган жавоб бериши, гендер зўравонликнинг олдини олиш ва у ҳақда хабардор қилиш каби бўлимларини ўз ичига олган кенг қамровли таълим/ўқув дастурининг бир қисми бўлиши керак.

Стандарт операцион иш тартиблари, масалан, психотерапия, ижтимоий нафақалар ва бошқа ёрдамлар гендер зўравонлик жабрланувчиларига махсус ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий хизмат тақдим қилувчиларнинг муайян мажбуриятларини тавсифлашни ўз ичига олмайди.