Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида «инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги» эътироф этилган. Бугунги кунда оила-турмуш муносабатлари доирасида аёллар, болалар ва кексаларга нисбатан жабр-зулм ва зўравонлик қилиш ҳоллари кўплаб учрамоқда. Хусусан, ҳар йили аёлларнинг 38 фоизи, 1,5 миллиардгача болалар оилада турли кўринишдаги зўравонлик ва шафқатсиз муомалага, Европада эса ҳар беш нафар боладан бири жинсий зўравонликка дучор бўлмоқда.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948 йил 10 декабрь) / Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси
// http://constitution.uz/uz/pages/humanrights.
http://www.maailmakool.ee/wp-content/uploads.
Хотин-қизларга нисбатан куч ишлатишга асосланган носоғлом муносабат жаҳондаги барча мамлакатларда, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётидан қатъи назар, хос нарса ҳисобланади.
Бундай муносабат натижасида жуда катта иқтисодий зарар кўрилади, аёлларнинг иш жойида меҳнат унумдорлиги камаяди, оиланинг маънавий-ахлоқий жиҳатига, нормал ривожланишига тиклаб бўлмас даражада зарар етади. Аёллар ва қизларга нисбатан таҳқирли, қўпол муносабат инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига олиб келиб, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига зарар етказади. Улардаги руҳий азобланиши, қўрқув, ваҳима кучаяди, уйқуси, овқатланиш тартиби бузилади.
Оилада доимий шафқатсизлик муҳитида яшайдиган аёлларнинг ўз-ўзига баҳоси паст бўлади. Уни ҳафа қиладиган эркакнинг ҳар бир ҳаракатида ўзини айбдор деб билади. Бундай аёл вақт ўтиши билан ҳаётига, фарзандларига нисбатан бефарқ бўла бошлайди, доимий бош оғриғи, бел оғриғидан азият чекадилар.
Кўпинча оилада зўравонликка дучор бўладиган аёлларнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар туғилади. Бундай аёллар руҳий тушкунлик ва руҳий фаолиятнинг бошқа бузилишларига учрайдилар. Уларнинг таъсирланиш даражаси юқори бўлиб, соматик бузилишлари (ички аъзолар касалликлари) мавжуд. Бу руҳий асоратлар аёлларга салбий таъсир кўрсатади: иродасини букади, қўрқув, изтироб, тушкунлик ва баъзан ўзини-ўзи ўлдиришга олиб келади.
Сурункали руҳий босим ва калтаклаш билан тугайдиган катта жанжал вазиятида қурбонлар жароҳатловчи зўриқиш (стресс)ни бошларидан кечирадилар. Улар кўпинча ўзларини ҳимоя қила олмайдилар, жуда кўнгилчан бўлиб қоладилар, турли шилқимликлар қурбонига айланадилар. Улар тушкунлик, ваҳима, ароқхўрлик, гиёҳвандлик, шахслараро муносабатларда қийинчилик каби белгиларга эга бўлганлари учун психиатр мижозига айланадилар.
Айрим муаллифларнинг маълумотларига кўра, овқатланиш тартибининг (хулқининг) анорексия (иштаҳанинг йўқлиги) ва булимия (очкўзлик) каби бузилишлари кўпинча болаликдаги психологик жароҳатлар билан боғлиқ. Агар шафқатсиз муносабат, камситиш болаликда содир бўлса, бу характернинг шаклланишига таъсир кўрсатиши мумкин. Психолог билан суҳбатлашганда бундай аёллар паст овозда сўзлайдилар, нигоҳларини четга олиб қочадилар ёки стулда қимирлаб, илон каби тўлғаниб, қўлларини қисирлатиб ўтирадилар. Бундай хулқ-атвор унинг механизми аниқлангандагина тушунарли бўлади. Жароҳатдан кейинги руҳий зўриқиш механизми инсоннинг танаси ва руҳияти бартараф этиб бўлмайдиган ички тарангликка мослашиш йўлини топишидан иборат. Руҳий бузилиш каби намоён бўлувчи жароҳатдан кейинги зўриқиш белгилари аслида ўтмишдаги экстремал воқеа-ҳодисалар билан боғлиқ ўрнашиб қолган хулқ-атвор услубидир.
Ўзаро муносабатлар янги, муҳаббатга тўла ярашиш даврида аёллар камситишларнинг келажакда олдини олишга ва ўзаро муносабатларни яхшилашга қаратилган икки баравар кучлироқ ҳаракат билан жавоб берадилар. Аёллар эрлари/жинсий шеригини тинчлантириш мақсадида моҳияти ва топқирлиги билан ажралиб турувчи усулларни қўллайдилар. Вақт ўтиши билан муаммони ҳал этиш учун уринишларининг фойдасиз экани аён бўлади ва аёл ўзаро муносабатларининг узоқ муддатли эканлигига шубҳа билан қарай бошлайди.
Кейинги даврда, чидаш, аёл ўзаро муносабатларидаги ижобий жиҳатларни назарда тутиб, шунингдек, мавжуд ҳолат учун қисман ўзини ҳам жавобгар ҳисоблагани учун камситишларга чидайди. Аёл ташқаридан ёрдам топишга ҳаракат қилиши мумкин бўлса ҳам ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, шунингдек, эригининг ижтимоий мавқеига зарар етказишдан қўрқиб, муаммонинг барча тафсилотларини ошкор қилмайди.
Узилиш даврида аёл ўз аҳволининг руҳий босим ва камситишларга боғлиқлигини тан олади ва бундай муносабат ноҳақлик эканлигини англайди.
Аёл ўзи учун хавфнинг мавжудлигини, шунингдек, зулмкорунга қаттиқ жисмоний ёки руҳий таъсир ўтказишини англаганда кескин бурилиш содир бўлади. Аёл алоҳида яшаш ва ўз хавфсизлиги муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилаётган даврда камситишга асосланган муносабатлар шароитдан бир неча марта кетиши ва яна қайтиши мумкин. Бу муносабатлардан воз кечиш, қадриятларни қайта баҳолаш учун зарур вақт ўтгач, аёл тикланиш (реабилитация) даврига ўтиши мумкин. Бу даврда у зулмкордан алоҳида яшайди.
Аёл тақдири билан шуғулланаётган соғлиқни сақлаш, ички ишлар, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва ижтимоий ходимлар учун асосий нуқта аёл назарида зўравонлик ўзаро муносабатларнинг бир қирраси эканини тушунишдан иборат. Аёл руҳий босим ва камситишлар тугатилишини истайди, лекин у ўзаро муносабатларнинг ижобий томонларини сақлаб қолишни ҳам хоҳлайди. Бу икки жиҳат кўпинча бир-бирига мувофиқ келмайди, аммо аёл буни тушуниб етиши учун маълум муддат керак бўлади.