ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИККА ЖАВОБАН
ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ
СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ

1-модул. Гендер, гендер тенглиги ва гендер зўравонлик тушунчалари

2/3

Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик шакллари
  • Жинсий зўравонлик
  • Жисмоний зўравонлик
  • Иқтисодий зўравонлик
  • Руҳий зўравонлик

Жинсий зўравонлик:

Хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш.

Жисмоний зўравонлик:

Хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли.

Иқтисодий зўравонлик:

Хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Руҳий зўравонлик:

Хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик).
Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик турлари
  • Маиший зўравонлик
  • Оилавий зўравонлик
  • Иш жойидаги зўравонлик
  • Ўқиш муассасасидаги зўравонлик
  • Кибер зўравонлик

Маиший зўравонлик:

Бир инсон ўз умр йўлдошини тотал назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Бу жисмоний ва ахлоқий устидан кулиш ҳолатларида ёки молиявий ҳолатини суистеъмол қилишда намоён бўлиши мумкин.

Аёл таҳқирланади, танқид қилинади, унга, фарзандларига, қариндошларига зиён етказиш билан таҳдид солинади, доим назоратда бўлади.

Шу сабабли, зўравонликка қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ ва шафқатсиз қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир.

Оилавий зўравонлик:

Оила аъзоларининг бири фақат ўз манфаатларини илгари суриб, бошқа оила аъзоларини бундай имкониятдан чеклайдиган, улар устидан тўла назорат ва ҳокимиятга эга бўлиш мақсадида уларга нисбатан ортиб борувчи тезлик билан мунтазам такрорланадиган ва тугалланмайдиган цикл, жисмоний, руҳий, жинсий, оғзаки ва бошқа турдаги хақорат ва босим.

Оилавий зўравонлик эрнинг хотинига, ота-онанинг фарзандларига, фарзандларнинг ота-онасига (айниқса қарилик чоғида), оиладаги ногиронлиги бор аъзосига нисбатан бўлиши мумкин. Жаҳон статистикасига биноан оилада энг кўп учрайдиган зўравонлик ҳолатлари эркак (қонуний никоҳда бўлган ёки бўлмаган)нинг аёлга нисбатан кузатилади.

Гендер зўравонлик эса - бу «аёл жинсига мансуб бўлганлиги сабабли хотин-қизларга қарши йўналтирилган зўравонликка асосланган, уларга номутаносиб равишда таъсир кўрсатадиган ҳар қандай зўравонлик ҳаракати».

Кибер зўравонлик:

Бугунги кунда кенг тарқалган зўравонликнинг яна бир тури - кибер зўравонлик. Зўравонликнинг ушбу тури интернет орқали мутассил давом этувчи, такрорий ва узоқ вақт давомида бировнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларни амалга оширишда ифодаланади.

Руҳий зўравонликдан зўравонлик ўтказаётган шахс анонимлиги, Интернет орқали ёқимсиз хабарлар туну-кун кенг оммага тарқалиши билан фарқланиб, жабрланувчига ғоят катта азоб-уқубат келтириши билан кескин фарқланади. Интернет тармоғидан фойдаланиб, иш ёки ўқиш жойи, оилада турли хил ҳақоратлар, туҳмат, таъна, миш-мишлар, уйдирма хабарлар тарқатишда ифодаланади.

Шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали инсонинг руҳиятига қаттиқ таъсир этувчи, уни изтиробга солувчи бешафқат муносабат ва зўравонлик саҳналарини намойиш этишни ҳам шахсга бўлган зўравонлик, деб эътироф этишимиз мумкин.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бошқа ижтимоий ходисалардан фарқлари (идентификация)

Зўравонлик цикли:

1. Кескинликнинг ошиши. Оила аъзолари ўртасида муносабатлар ўзгариб, норозилик ошади. Жабрланувчи зўравонни тинчлантиришга ҳаракат қилади.

2. Зўравонлик содир этилиши. Руҳий, жисмоний ёки бошқа турдаги зўравонлик авж олиб, қаттиқ ғазаб, таҳдид, қўрқитиш билан биргаликда амалга оширилади.

3. Ярашиш даври. Зўравон узр сўраб, зўравонлик содир этганлигини тушунтиради, айбни жабрланувчининг ўзига юклайди. Баъзан содир этилган зўравонликни инкор этиб, жабрланувчини ўзи бўрттириб юборганликда айблайди.

4. Муносабатлардаги тинчлик даври (“асал ойи”). Зўравонлик вазияти унутилиб, зўравон кечирилган. Низодан аввалги муносабатлар қайтади, кейинги низолар бошлангунга қадар, “асал ойи” бошланади.

Зўравонлик ва унинг таъсирини аниқлаш.


Зўравонлик белгилари:

Аёлларниг ўз уйларида бошқа жойдагига нисбатан кўпроқ ҳақоратланиши, тан жароҳати олиши ва ҳаттоки ўлдирилиши хавфи маввжуд. Турмуш ўртоғи томонидан калтакланиш ҳолатлари автоҳалокатлар, талончилик ҳужумлари ёки саратон касаллиги сабаб бўлган ўлимларнинг биргаликда олинган миқдоридан ҳам кўпроқ учрайди. Оилада калтакланиш 15-44 ёшдаги аёлларнинг оғир тан жароҳатларининг асосий сабабидир. Ўлдирилган аёлларнинг 70%нинг қотили ўз эри бўлган. Бундай аҳвол бутун дунёда кузатилади.

Руҳий зўравонликнинг намоён бўлиш шакллари:

  • Оғзаки. Доимий танқид, камситиш, қурбоннинг сўзларини менсимаслик, устидан кулиш, буйруқ оҳангида сўзлашиш, сўкиш, суҳбат мавзусини ўзгартириш, ўзига муносиб эмаслигини айтиш, сўз ва оханг орқали қариндошларини камситиш ва ҳақорат қилиш, фикрлари устидан кулиш.

  • Яккалаб қўйиш. Болалар ва қариндошлар олдида азоб беради, телефон орқали сўзлашувларни эшитиб туради, хатларни текширади, ҳаракат йўналишини назорат қилади.

  • Мажбурлаш. Қурбонни айблайди, қатъиятни маънавий янчади, домий жаҳлдор кўриниш, болалардан фойдаланади, доим ўзининг ҳақлигини исботлайди, ахлоқ-одоб қоидаларини ўрнатади, улар бузилганда эса жазолайди.

  • Хўрлаш. Кузатиб юради, одамлар орасида таҳқирлайди, камситади, ноқулай аҳволга қўйишга ҳаракат қилади, доимий назорат, тинч қўймайди, жазо чораси сифатида аёл ҳиссиётларига эътибор бермаслик, доимий равишда танқид қилиш, хафа қилиш, ғазабга келтириш.

  • Ишончни суиистеъмол қилиш. Ёлғон, ваъданинг устидан чиқмаслик, муҳим маълумотларни яширади, асоссиз рашк қилади, рўзғорда ёрдам беришни хоҳламайди, ёлғон сўзлар айтиб, ўз манфаати йўлида фойдаланиш.

  • Таҳдид ва қўрқитиш. Аёл ва болаларга, ҳайвонларга таҳдид қилади, қўрқитиш учун жисмоний кучдан фойдаланади, бақиради, қурол билан таҳдид қилади, қариндошлари ўртасида шарманда қилишни айтиб қўрқитиш, сирлари ва бошқа айбларини фош этишни айтиб қўрқитиш, уйдан хайдаш билан қўрқитиш.

  • Ўта эмоционал вазминлик. Бефарқлик, мақтовларга зиқна, аёл ҳиссиётларига беҳурматлик қилади.

  • Ўзига нисбатан деструктив (емирувчи) муносабатда бўлиш. Гиёҳвандлик, алкоголизм, ўзини ўлдириш билан таҳдид қилади.

Хотин-қизларга нисбатан жинсий зўравонлик усулларига мисоллар:

  • Жинсий алоқага мажбурлайди;

  • жинсий алоқанинг бузуқ, ғайритабиий шаклларини талаб қилади;

  • қўпол муносабатда бўлади;

  • Эркакнинг аёли билан жинсий объект сифатида муомала қилиши;

  • эркак аёлига нисбатан қўполлик билан жинсий муносабатда бўлиш;

  • жинсий алоқага мажбурлаш, зўрлаш;

  • жинсий алоқани ўта шафқатсизлик билан амалга ошириш;

  • ғайриаҳлоқий хатти-ҳаракатларни порно кўринишда мажбурлаш.

Иқтисодий зўравонлик:

Молиявий назорат. Бирор харажатлар учун пул тўлашдан бош тортади, пул бермайди, ишлашга рухсат бермайди, ўзи ҳам ишлаб, оилани боқишни хоҳламайди:

  • эркакнинг оила бюджетини ўз назорати остига олиб, аёлнинг ундан фойдаланишини чегаралаш;

  • аёлни оила маблағидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;

  • шахсни моддий қарам қилишга интилиш;

  • аёлни оила маблағидан фойдаланишини керагидан ортиқ назорат қилиш;

  • аёлнинг ўқиши, ишлаши ёки бошқа шаклда қонуний даромад олишига тўсқинлик қилиш;

  • мол-мулк ва меросдан маҳрум қилиш билан қўрқитиш.

Аёл оилада зўравонликка дуч келганини қандай билиши мумкин?

  • Турмуш ўртоғининг жаҳли чиқса, у аёлга жисмоний зарар етказади.

  • Баъзан турмуш ўртоғи аёлини дўстлари ёки қариндошлари билан кўришишига рухсат бермайди.

  • Турмуш ўртоғи хоҳишига қарши жинсий алоқага мажбур қилади.

  • Аёлнга сабабсиз дўқ-пўписа қилади ва бақиради.

  • Баъзан аёл турмуш ўртоғининг айби билан ўзини кераксиз ва ожиз ҳис қилади.

  • Аёл турмуш ўртоғидан қўрқади.

  • Шуларга қарамасдан, турмуш ўртоғи баъзан ўзини мулойим ва ақлли тутади, яъни аёл уни доим кўришни истаганидек бўлади.

  • Зўравонлик ўзига тўқ ва кам таъминланган, турли ирқ ва миллатга мансуб оилаларда, ҳар бир шаҳар ва ҳар бир мамлакатда содир бўлади. Бу аёлнинг айби эмас. Бу – зулмкор жавоб бериши керак бўлган жиноят.

Оилавий низо ва/ёки жанжалнинг оилавий-маиший зўравонликдан фарқи:

  • Оилада зўравонлик– бу маиший жанжал ёки низо эмас;

  • Оилада зўравонлик жанжал ёки можародан тажовуз актларининг режали ва такрорийлиги билан фарқланади;

  • Оилада зўравонлик – бу чексиз айлана, циклнинг такрорланиш тезлиги ортиши билан қайтариладиган аёлни эзиш холатлари: назорат, қўрқитиш, қўрқув ҳиссини сингдириш мақсадида ҳар сафар кучайиб борувчи жисмоний, оғзаки, маънавий ва иқтисодий ҳақоратлар занжири;

  • Оиладаги зўравонлик– бу -жиноят;

  • Оилада зўравонлик аосида асосида ҳукмронлик ва назорат, бир шахснинг иккинчи шахс устидан тўлиқ ҳукмронлик ва устунлик туради.

  • Зўравонликни содир этувчи (объект) ва жабрланувчини (субъект) ўртасидаги муносабатларининг ўзига хослиги. Зўравонлик асосан бир-бирига яқинлик риштлари мавжуд инсонлар ўртасида содир этилади.

  • Зўравонлик ҳаракатлари такрорланиши билан бир қаторда, ҳаракатлар зўравонликни бир неча турлари орқали содир этилади (масалан, руҳий-жисмоний, жисмоний- жинсий, ёки хаммаси биргаликда).

  • Зўравонлик содир этувчи ўз харакатларини олдиндан режалаштиради ва унга тайёргарлик кўради.

  • Зўравонлик ходисасидан жабрланувчининг якин инсонлари (болалари, ота-онаси, қариндоши) ҳам жабр кўриши. Бу “иккиламчи виктимизация” деб аталади.

  • Жабрланувчилар асосан аёл жинсига мансуб.

  • Зўравонлик циклининг даврийлиги қисқариб бориши билан зўравонлик ҳаракатлари ёвузлашишиб, кучайиб боради.

  • Оддий низодан муҳим фарқи – зўравонлик “хукумронлик” ва “назорат” ўрнатошга қаратилган.

  • Зўравонликни содир этувчи жабрланувчи аёлга/қизга айбдорлик ва уят хиссини доимий сингдириб борганлиги сабабли жабрланувчи доимо айбдор хисси билан яшайди, атрофдагилардан зўравонликдан жабр кўргани учун уялади.

  • Можаро ҳам, жанжал ҳам бир-бири билан бирор нарсада келиша олмаётган ва ўз фикрини ҳимоя қилаётган эр-хотинлар мавқеининг ўзаро тенглигини кўзда тутади. Зўравонлик вазиятида эса ҳеч қандай тенглик йўқ. Бир инсон жисмоний куч, иқтисодий имкониятлар, ижтимоий мавқе ва бошқалар ёрдамида бошқа инсонни назорат қилишга интилади. Бундан ташқари, оилада ҳуқуқ тартибининг бузилишижанжал ёки можародан тажовузлар ҳаракатининг режалилиги ва такрорийлиги билан фарқланади.

  • Агар оиладаги можаро у ёки бу даражада тасодифий бўлса (ҳатто агар у кўпинча битта сабабга кўра юзага келса ҳам), зўравонлик актлари ҳар сафар кучайиб борувчи қурбонни эзишга қаратилган ҳаракатлар занжири, чексиз айланадир.
Гендерли ва оилавий зўравонлик – бу шунчаки можаро эмас, бу – жиноят, бу жиноятда уни амалга оширган киши айбдор. Ҳеч ким ўзига нисбатан зўравонлик қилинишига лойиқ бўлмайди.