Жаҳон статистикаси гендер зўравонликдан кўпроқ аёллар азият чекишини кўрсатмоқда. Нима учун айнан аёлларга нисбатан оилавий-маиший зўрлик ҳолатлари кўпроқ учрайди?
Биринчидан, аёлларнинг нисбатан қуйи мавқени эгаллаши. Дунёдаги кўп халқлар маданияти аёлни эркакка нисбатан қуйи поғонага қўяди. Эркак кучли, устун ва жахлига эрк бериши мумкин, аёл эса пассив, тобе, итоаткор бўлиши керак деб ҳисобланади. Кўпчилик эркаклар доим ҳаётда устун бўлишлари керак деб ишонадилар.
Кўпчилик халқлар маданияти эркакка ўз сўзида туриш учун жисмоний куч ва психологик тазйиқдан фойдаланиш ёки қайсар турмуш ўртоғига жинсий муносабатларда мажбурлаш имконини беради.
Эр - оила бошлиғи ва барча асосий қарорларни қабул қиладиган, хотин эса фақат уй-рўзғор билан шуғулланадиган, турмуш ўртоқларининг иқтисодий аҳволи тенг бўлмаган оилаларда гендер зўравонлик кўпроқ содир бўлиши табиий ҳолдир. Шунинг учун кўпчилик аёллар зулмкор эрларини ташлаб кетишга қарор қилсалар, мустақил ҳаёт кечира олишларидан ташвишланадилар.
Иккинчидан, тажовуз ёки калтаклаш орқали можарони ҳал этиш усули сифатида тарғиб қилиниши. Афсуски, замонавий жамиятда куч ишлатиш оилавий муаммоларни ҳал этишнинг асосий усули қилиб кўрсатилади. Масалан, болалар учун мўлжалланган телекўрсатувлар/мультфильмларда можароли вазиятни ҳал этиш учун қаҳрамон биринчи навбатда жисмоний кучидан фойдаланади, кейинги кадрларда қурбон сеҳрли тарзда тикланади ва томошабин бунинг ҳеч қандай салбий оқибатларини кўрмайди. Бундай ҳолатга тақлид қилаётган бола оқибатлари учун масъулиятни мутлақо бўйнига олмайдиган бўлиб қолади.
Учинчидан, гендер зўравонликнинг сабаб илдизлари инсон тарбия кўрган оилада ётади.
Куч, руҳий босим ишлатиб камситишдан фойдаланиш аввалги ҳаёт тажрибасининг натижасидир. Хотинини калтаклайдиган эркакларнинг кўпчилиги болалигида калтакланганлар. Камситувчи муносабатлардан азият чекувчилар кўпинча оилада куч ишлатилиши гувоҳи бўлганлар ёки болаликда кўп жисмоний ва маънавий тазйиққа дучор бўлганлар.