ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИК БЎЙИЧА ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ
СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ

МУСТАҚИЛ АМАЛИЙ ИШ

4/4

4-вазият. “Садоқат кейси”

Садоқат (ташкилот номи ва исми ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Aлишер билан турмуш қурганига 17 йил бўлди, икки фарзанди бор, ўғли 15 ёшда, қизи 11 ёшда.

Садоқатнинг турмуш ўртоғи банкда бўлим мудири бўлиб ишлайди, Садоқатнинг ўзи республика олий ўқув юртларидан бирида олий математика фанидан дарс беради. Оилада молиявий қийинчиликлар йўқ ва ташқаридан хавфсиз ва бахтли кўринади. Масалан, болалар мактабдаги машғулотлардан ташқари спорт секциялари ва мусиқа мактабига борадилар.

Садоқат, ота-она бир-бирини ҳурмат қиладиган, севадиган, фарзандларини авайлаб тарбиялаган оилада вояга етган. Эрининг оиласи, аксинча, зиддиятли эди. Aлишернинг сўзларига кўра, ота-онаси доимо жанжаллашиб яшашган, фарзандларини тез-тез калтаклаб келишган. Aлишернинг онаси отаси билан ажрашмади, чунки у пайтларда ажрашиш катта шармандалик саналарди, Aлишернинг онаси эса умр бўйи эрининг хўрлиги, калтакланишига чидади.

Никоҳнинг биринчи йилларида, айниқса, биринчи фарзанди, ўғли туғилгандан сўнг, Aлишер ва Садоқат бахтли ҳаёт кечиришди, тўйдан сўнг эр иккинчи таълим олиб, банкка ишга жойлашиш имкониятига эга бўлиб, Самарқанд шаҳрининг нуфузли ҳудудида квартира сотиб олдилар. Кўпинча Садоқатнинг қайнонаси уларни кўргани келарди, лекин унинг ташрифларидан кейин оилада ҳар доим эр-хотинлар ўртасида жанжал бўлиб турарди.

Бу можарога онанинг ўғлига ҳасад қилиши ва Aлишернинг отаси билан омадсиз оилавий ҳаётидан ранжигани сабаб бўлган. Aгар ўзи бахтсиз бўлса, келини Садоқат нега бахтли бўлиши керак? –деган фикрда эди. Оилада жиддий низолар турмушнинг еттинчи йилида, Aлишер юқори лавозимга тайинланмаганидан кейин пайдо бўлди, гарчи у ўзини бу лавозимга энг муносиб номзод деб ҳисоблаган. Aлишер характерида нафрат, ғазаб кўпроқ намоён бўла бошлади. Хотини ҳозирги вазиятни - "конструктив"(ижобий) қабул қила олишинг керак деган сўзларига кўра, у аёлларнинг "товуқдек мияси" борлигини айтиб, уни ҳақорат ва аҳмоқликда айблай бошлади.

Aна шундай можаролардан бирида Aлишер хотинининг юзига урган, шундан сўнг Садоқатнинг юзида катта кўкариш пайдо бўлган. Садоқат уйда ўтиришга, ишга бормасликка мажбур бўлди. Воқеадан сўнг тинчланиб, Aлишер кечирим сўраб, бошқа ҳеч қачон хотинига қўл кўтармаслигига ваъда берди. Ўша куни кечқурун Aлишер бутун оилани ресторанга кечки овқатга олиб кетди. Садоқат бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ишончи комил эди. Aммо орадан бир неча ой ўтиб яна оилавий жанжал келиб чиқди ва бу сафар Aлишер нафақат хотинини ҳақорат қилди, балки унинг юзига ва қўлига уришни, оёғи остидаги ҳамма нарсани тепишни бошлади. Тинчланиб, эр яна хотинидан кечирим сўради ва у орзу қилган заргарлик буюмларини сотиб олиш учун умумий пул миқдорини олишга рухсат берди.

Оиладаги низолар тез-тез бўлиб борди, эр нафақат хотинига, балки болаларига ҳам қўлини кўтариб, уларни хиёнат қилишда айблай бошлади. Калтаклардан сўнг Садоқатнинг кўриш ва эшитиш қобилияти ёмонлашган, у аввалгидек диққатини ўқишга қарата олмади. У эрини ранжитмаслик учун институтда қўшимча соат дарс беришдан воз кечди. Садоқат ва болалар отасининг жаҳлдорлигини сезган заҳоти ҳамма индамай ўз хоналарига қамалиб қолади. Болалар ота-онасининг ажрашишини хоҳлашади ва улар отасидан қўрқмасдан тинч-тотув яшашни истайдилар. Лекин Садоқат ажрашишни истамайди, чунки у ёлғиз ўзи болаларга муносиб таълим бера олмаслигини, ўғлини уйлантириб, қизини узата олмаслигини тушунарди. Бироқ, улар қаерга боришлари керак - квартира, гарчи турмуш ўртоқларнинг умумий пулига сотиб олинган бўлса-да, эрнинг онаси номига рўйхатдан ўтган: одатда, анъанавий оилаларда кўчмас мулк ўғил ёки қиз номига рўйхатдан ўтказилмайди - қайнона, шунинг учун оилавий кўчмас мулк ҳуқуқига эга бўлмаган исталмаган келиндан қутулиш осонроқ. Кейин эса қочиш, кетиб қоладиган жой йўқлигини билсангиз, беихтиёр итоаткор бўласиз.

Бир неча марта қичқириқ ва жанжалларни эшитиб, қўшнилар маҳалла қўмитаси вакилларига қўнғироқ қилишди, бироқ Садоқат эрини эмас, жамият уни қоралашига ишониб, вазиятни тўлиқ айтиб беришдан бош тортди. Бундан ташқари, у эрининг мартаба ва профессионал обрўсига таъсир қилишидан қўрқиб, ҳимоя ордерини рад етди.

Бундан ташқари, бу унинг университетдаги обрўси ва карьерасига салбий таъсир қилар эди. Эр Садоқатнинг илтимосига кўра психологга мурожаат қилишдан қатъиян бош тортди. У психологлар унинг вақти-вақти билан тажовузкорлик билан намоён бўладиган руҳий касаллиги борлигини аниқлашларидан, у ишини йўқотишини ҳамда хотини уни руҳий касалхонага юборишидан қўрқар эди.
Вазифа:
1. Жабрланувчига нисбатан қандай зўравонлик турлари қўлланилган?

2. Жабрланувчига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, унинг зўравонликдан тўлиқ тикланиши учун амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда Стандарт операцион иш тартибларга мувофиқ кейинги ҳаракатлари кетма-кетлиги (алгоритми)ни таърифланг.

3. Барча асосий хизмат тақдим этувчиларнинг (профилактика инспектори, оила шифокори ва патронаж ҳамшираси, маҳалла қўмитасидаги ходимлар, ижтимоий ҳимоя тақдим этувчи, бандликка кўмаклашиш, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг вакиллари, реабилитация маркази ходимлари, туман ҳокимлиги ва бошқа мутассади ташкилотлар) кейинги ЎЗАРО КЕЛИШИЛГАН ҳаракатлар алгоритми (занжир, сценарий)ни амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда Стандарт операцион иш тартибларга мувофиқ тавсифланг.

4. Жабрланувчига инқироз пайтида ва узоқ муддатли ёрдам кўрсатишнинг натижадор, самарали, барқарор ечимлари ҳақида мулоҳаза қилинг.