ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИККА ЖАВОБАН ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ


3.1.-модул. Гендер зўравонликка жавобан психологик хизматлар кўрсатиш бўйича стандарт операцион иш тартиблари

5/5

1 .5 . Гендер зўравонлик жабрланувчиси билан қандай муносабатда бўлиш керак
Гендер зўравонлик жабрланувчиси билан мулоқот
Аввало, гендер зўравонлик жабрланувчисига содир бўлган ҳодиса ҳақида эркин сўзлаб бериши учун имконият яратиш керак.

Гендер зўравонлик ҳақида саволлар бериш ҳар қандай психологик хизмат кўрсатувчи учун мушкул вазифа бўлиши мумкин. Қуйидаги тавсиялар хизмат кўрсатувчига гендер зўравонлик ҳақида саволлар беришда ишончни оширишга, такрорий хатти-ҳаракатлардан қочишга ёрдам беради:

  • жабрланувчи учун холи ва махфий эшитиш муҳитини яратинг, уни диққат билан тинглаш асносида унга яқинроқ бўлишга ҳаракат қилинг;

  • зўравонлик ҳақида суриштиришда ташаббусни ўз қўлингизга олинг, жабрланувчининг ўзи ҳамма нарсани айтиб беришини кутманг. Бу сизнинг вазият учун профессионал масъулиятни ўз зиммангизга олганингизни кўрсатади ҳамда ишончли муносабатларни ўрнатишга ёрдам беради;

  • оила аъзолари даврасида, дўстлар ёки фарзандлар ёнида унга гендер зўравонлик ҳақида саволлар беришдан сақланинг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчиси билан сабр-тоқатли бўлинг, инқироз шароитида у зиддиятли ҳис-туйғуларга эга бўлиши мумкинлигини ёдда тутинг. Жабрланувчининг дилидагини ошкор қилишга мажбурламанг. Агар жабрланувчи дилидагини ошкор қилмаса, у гендер зўравонликка дучор бўлишига нима сабаб бўлганлигини айтиб беринг;

  • кераксиз танаффуслардан қочинг, жабрланувчи ўз ҳикоясини тугатганидан сўнг ўзингизни қизиқтирган саволларни беринг;

  • пассив тинглаш ва турли шарҳларни эшитишдан тийилинг. Бу, сиз унга ишонмаслигингиз ва у ҳақ эмаслигини, балки тажовузкор/зўравон ҳақ деб ўйлашига олиб келиши мумкин;

  • жабрланувчининг кечинмаларини диққат билан тингланг ва ҳис-туйғулари оқланганига ишонтиринг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчиси фойдаланаётган тилни ишлатинг; агар жабрланувчининг тили хизмат кўрсатувчидан фарқ қилса, унда жабрланувчининг тилида гапирадиган бошқа хизмат кўрсатувчи ёки таржимонни таклиф қилинг;

  • тил ва сўзларни жабрланувчига тушунарли даражада мослаштиринг. Жабрланувчини чалкаштирадиган профессионал жаргон ва ибораларни ишлатманг;

  • савол ва ибораларни хайрихоҳ оҳанг ёрдамида қулай ва холис тарзда шакллантиринг. Очиқ саволлардан фойдаланинг ва «нима учун» дан бошланган саволлардан қочинг, бу одатда жабрланувчининг ўзи айбдор эканини англатади;

  • гендер зўравонлик жабрланувчисини айбдор санаманг. «Нега сиз у билан қолмоқдасиз?», «Зўравонлик юз беришидан аввал сизда бирор-бир асос бор эдими?», «Сиз бу ерда ёлғиз нима қилаяпсиз?», «Қандай кийим кийиб олгансиз?» каби саволларни айланиб ўтишга ҳаракат қилинг. Бунинг ўрнига гендер зўравонликка тоқат қилиб бўлмаслигига ишонтиринг;

  • «Мен бу ҳодиса содир бўлганидан афсусдаман» ёки «Сиз ҳақиқатан ҳам кўп нарсани бошдан кечирдингиз» каби ёрдамчи жумлалардан фойдаланинг, бу жабрланувчини кўпроқ маълумотни ошкор қилишига рағбатлантириши мумкин;

  • зўравонлик жабрланувчининг айби эмаслигини ва фақат тажовузкор/зўравон унга жавобгар эканини таъкидланг;

  • маълумот махфий қолишини ва у ҳар қандай махфийлик чекловларидан хабардор қилинишини тушунтиринг;

  • суҳбатдошингизнинг кўзларига қараб суҳбат олиб боринг, бу маданий нуқтаи назардан мақбул саналади;

  • бутун эътиборингизни жабрланувчига қаратинг. Мулоқот пайтида қоғозбозликдан узоқлашинг;

  • тана ҳаракатларингизни ҳис қилинг. Қўллар, бош, юзингиздаги ифода ва овоз оҳанги — буларнинг барчаси жабрланувчига вазиятни қандай қабул қилишингиз ҳақида аниқ сигнал беради;

  • қўллаб-қувватловчи позицияни холисона ифода этинг ва жабрланувчи айтган нарсаларни тасдиқланг. Жабрланувчига нисбатан ғазабланиш, ишончсизлик, ёқтирмаслик ёки аччиқланишни ифодаловчи тана ҳаракатларидан қочинг;

  • жабрланувчининг маданияти ёки эътиқодига кўра хулоса қилманг;

  • бошқалар суҳбат жараёнига аралашишларига йўл қўйманг;

  • жабрланувчининг вазиятини ҳамкасбларингиз билан унинг розилигисиз муҳокама қилманг.

Биринчи таассурот доимо барқарор ва мазмунли таъсирга эга. Гендер зўравонликни бошдан кечирган ва психологик хизматлардан фойдаланишни истаган шахс онгида бино, қабулхона ва умумий муҳит биринчи таассурот сифатида муҳрланади. Бу таассурот гендер зўравонлик жабрланувчисига таъсир қилиши ва кейинги барча босқичлардан ўтишга туртки бериши мумкин. Буларнинг барчаси маслаҳатчи (психологик хизматлар тақдим этувчи) жабрланувчи билан саломлашишидан аввал содир бўлади.

Гендер зўравонлик жабрланувчиси билан суҳбат стол атрофида ёки ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилиши керак. Столнинг турли томонларида ўтириш, жабрланувчи билан мулоқотда қўшимча тўсиқни келтириб чиқариши мумкин. Хизмат кўрсатувчи билан тенгсизликни ҳис қилган жабрланувчи у билан баҳам кўришни истаган маълумотни чеклаши ва мутахассисга бўлган ишончни камайтириши мумкин.

Аммо жабрланувчи билан юзма-юз бўлиш ва унинг кўзларига узоқ тикилиб қараш қарама-қаршиликнинг нотўғри тушунчасини келтириб чиқариши, бу зўравон ҳаракатлар қилган шахснинг одатий хатти-ҳаракатига ўхшаб кетиши мумкин.

Гендер зўравонлик жабрланувчиси кириш/чиқиш эшигини кўриши мумкин бўлган ҳолат, жабрланувчи кўпинча изоляция ва назорат қилинадиган ҳолатда бўлган тажовузкор вазиятдан фарқли ўлароқ, вазиятни назорат қилиш туйғусини таъминлайди.

Гендер зўравонлик жабрланувчиси учун сув ва/ёки енгил таомни таклиф этинг, чунки уларнинг кўпларида озиқ-овқат маҳсулотларини олиш имконияти чекланган ёки бундай имконият умуман бўлмаслиги мумкин.

Вояга етмаган гендер зўравонлик жабрланувчилари билан ўзаро муносабатлар
Болага нима ҳодиса содир бўлганини эркин сўзлаб беришига имконият яратинг. Суҳбатни “Сизга нима бўлди, қани бир бошдан менга айтиб беринг-чи” деган сўзлар билан бошлашингиз мумкин.
Қонун тартибларига мувофиқ иш кўрувчи мутахассислар вояга етмаганлар билан ишлашда новербал тилдан (яъни, тана ҳаракатлари, юз ифодаси, гапириш оҳанги, юз мушакларининг маъноли ҳаракатлари, имо-ишоралардан) фойдаланадилар. Бундай мутахассислар ўзларининг новербал мулоқотлари гапираётган гапларига мос келишини таъминлашлари керак. Ўзаро мос келмайдиган мулоқот тили болаларни ўта саросимага солади ва нотўғри тушуниш, умидсизлик, қўрқув, ноаниқ ва тўлиқ бўлмаган маълумотлар беришига олиб келади.

Вояга етмаганлар билан ишлашда мулоқотнинг новербал тилнинг қуйидаги учта қисмига эътибор қаратиш лозим:
  • ташқи кўриниш: болалар қандай қилиб хизмат кўрсатувчини сезиши ва кийим, заргарлик буюмлари, соч турмаги, бўяниш туфайли улар билан алоқа қилишни қийинлаштирадиган омилларни минималлаштиришни яхши билиш.

Эсингизда бўлсин: боланинг манфаати ҳамма нарсадан устундир!


Нима қилмаслик керак:
  • болага “Бу бизнинг орамизда қолади”, “Онангизнинг жаҳли чиқмайди”, “Ҳаммаси яхши бўлади” каби бемаъни ваъдаларни берманг;
  • болага ҳамма нарсани унутиб, ҳеч нарса бўлмагандай яшашни маслаҳат берманг.

Боланинг ўзига нисбатан қилинган зўравонлик ҳақида индамаслигининг сабаблари, асосан, зўравон томонидан кучли ишонтирилган (ўзи айбдор деб ишонтирилган): қўрқув; ўзига паст баҳо бериш; айбдорлик ҳисси; умидсизлик; шармандаликни рад қилиш; севги каби омиллар ҳисобланади.
Психологик хизматлар тақдим этувчилар учун тавсиялар:
Хизмат кўрсатувчи билан (масалан, маслаҳатчи-психолог) ўзаро муомалада бўлган пайтдан бошлаб, гендер зўравонлик жабрланувчиси махфийлик сақланишига ишонч ҳосил қилиши керак. Бунда, зарур бўлганда, психолог хизматларига ёки бошқа хизмат кўрсатувчиларга мурожаат қилиш учун ундан розилик олиш киради. Хусусан:
  • сизга ёрдам сўраб мурожаат қилган кишига хушмуомалалик билан дўстона салом беринг;

  • ўзингизни таништиринг ва муассасангиз фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳамда кўрсатадиган хизматлари ҳақида қисқача таъриф беринг;

  • у шахсдан ўзини таништиришини илтимос қилинг;

  • хизматлардан фойдаланиш мақсадида мурожаат қилган хотин-қизларнинг ҳақиқатан гендер зўравонлик жабрланувчиси бўлганига аниқлик киритинг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчиси ёки унинг ёнидаги ҳамроҳлари билан жисмоний, шунингдек, қалтис ҳаракатларга киришманг;

  • жабрланувчидан унга (айниқса жинсий зўравонлик ҳолатларида) айни жинсдаги хизмат кўрсатувчидан ёрдам олиш хоҳиши бор-йўқлигини сўранг;

  • Гендер зўравонлик жабрланувчисига у ўзи учун муҳим деб билган барча саволларини беришига имконият яратинг;

  • турли тоифалардаги шахсларнинг эҳтиёжларини (масалан, жисмоний ёки руҳий ногиронлиги бўлган, диндор ёхуд этник озчиликка мансуб шахслар) ёдда тутинг ва уларнинг диққатини жалб қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширинг;

  • махфийлик ва ҳамдардлик муҳитини ҳосил қилинг, мурожаатчини диққат-эътибор билан эшитинг ва аниқлаштирувчи саволларни беринг. Хизмат кўрсатувчи муассаса ходими сифатида ўзингиз билан жабрланувчи орасида ўзаро ишончни шакллантиринг.

  • гендер зўравонлик жабрланувчисини асло ёлғиз қолдирманг, айниқса, унда ўзига шикаст етказиш эҳтимоли ўз жонига қасд қилиш кайфияти ёхуд шунга ўхшаш нохуш ҳолатлар мавжуд бўлса.