ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИККА ЖАВОБАН ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ


3.2.-модул. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига хизматлар кўрсатиш бўйича

операцион иш тартиблари

2/4

2.3. Хизмат тақдим этиш

Хизматларни кўрсатиш психологик ташҳис қўйиш асосида ишлаб чиқилган, аниқланган эҳтиёжлар ва манбаларга таянган ҳолда индивидуал иш режасига мувофиқ амалга оширилади.
Барча таъсир чоралари жабрланувчига қаратилиши ва зўравонлик ҳолатига идоралараро яхлит ёндашишни, индивидуал ҳолатга мослашиш ва пировард натижада бу чораларни барқарорлик тамойиллари асосида амалга ошириш талаб этилади.

Психологик хизматлар гендер зўравонлик жабрланувчисининг психологик ҳолатини мувофиқлаштириш, унинг реабилитацияси, ижтимоий мослашиши - ижтимоийлашиши ва атроф-муҳитга интеграциялашувига йўналтирилади. Психологнинг асосий саъй-ҳаракатлари жабрланувчининг руҳий ҳолатини яхшилашга, нормал ҳаёт муҳитига мослашиш қобилиятини тиклашга ёрдам беришга қаратилган.

2.3.1.
Инқирозли маслаҳат
Инқироз маслаҳат хизматини тақдим этиш гендер зўравонлик жабрланувчиларининг хавфсизлигини зудлик билан таъминлашга ва уларнинг нималарни бошдан кечирганларини англаб етишларига, ўз ҳуқуқларини такроран тасдиқлашга ҳамда айбдорлик, уят ҳисси ва қайғу-аламларини енгиллаштиришга қаратилган. Мазкур хизматлар турли хил усулларда, жумладан, юзма-юз мулоқот, стационар ёки мобиль телефон орқали суҳбат, электрон почта, шунингдек, турли хавфсиз жойлар ва хавфсиз шароитларда тақдим этилиши мумкин.

Инрозли маслаҳат босқичида психологик хизмат тақдим этувчилар учун тавсиялар:
  • гендер зўравонлик жабрланувчиси ва унинг фарзандлари асосий эҳтиёжларини (очлик, ташналик, уйқусизлик) қондиринг;

  • жабрланувчидан оғир вазиятдан чиқиш ва бунинг учун унда мавжуд бўлган манбалар ҳақидаги шахсий фикрини сўранг ва уларни жабрланувчи билан биргаликда муҳокама қилинг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчининг барча психологик эҳтиёжларини қондириш учун унга психологик ёрдам хизматидан фойдаланишни таклиф қилинг;

  • жабрланувчига инқирозли ҳолатдаги қуйидаги қўшимча хизматлар ҳақида маълумот беринг ва улардан фойдаланишни таклиф қилинг:
а) хавфсиз бошпанадан бевосита фойдаланиш;
б) шошилинч тиббий хизматдан фойдаланиш;
в) ҳар қандай вазият ва шароитларда ҳам зўравонлик жабрланувчиларига хизмат кўрсатувчи муассасаларга қайта мурожаат қилиш имконияти;

  • гендер зўравонлик жабрланувчи билан биргаликда унга ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳимоя ордери органларидан (зарурат бўлса) олиш имкониятини кўриб чиқинг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчига агар лозим бўлса, ўзи ва фарзандларининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида шахсий хавфсизлик режасини муҳокама қилишига кўмаклашинг (5-илова);

  • жабрланувчининг инқироз босқичида хизмат кўрсатувчи бошқа муассасалар билан боғланиши ва уларга мурожаат қилиши учун батафсил алоқа маълумотларини унга, унинг алоқа маълумотларини бошқа идоралараро ташкилотлар/муассасалар ходимларига тақдим этинг;

  • гендер зўравонлик жабрланувчисига келгусидаги узоқ муддатли хавфсизлик режасини тушунтириб беринг ва келишиб олинг.

Гендер зўравонлик жабрланувчилари учун инқирозли психологик маслаҳат беришда қуйидагилар муҳим:
  • ўзини борича (тўлиғича) қабул қилишини таъминлаш;

  • зўравонлик билан боғлиқ вазиятларда аниқ ҳаракатлар режасини тузишда ёрдам бериш;

  • асосий муаммоларни аниқлашга ёрдам бериш;

  • қўллаб-қувватлаш тизимларини сафарбар этишга ёрдам бериш;

  • содир бўлган воқеаларнинг жиддийлигини тушунишга ёрдам бериш;

  • соғайиш (руҳий саломатлиги тикланиши) учун вақт кераклигини тушунишга ёрдам бериш;

  • жабрланувчи шахсиятининг кучли томонларини аниқлаш ва мустаҳкамлаш.
2.3.1.
Узоқ муддатли мажмуавий психологик қўллаб-қувватлаш
Эмоционал реакциядан сўнг, аста-секин зўравонлик ҳолатини акс эттирадиган хулқ-атвор одатларининг моделлари ва механизмларини ўрганишга қаратилган ишларга ўтиш мумкин.


Ишнинг ушбу босқичининг мақсади — шахслараро муносабатлар тизимини тиклашдир . Мазкур босқич узоқ, ҳатто бир неча йил давом этиши мумкин.
Гендер зўравонлик жабрланувчисини даволашга эътибор қаратган психолог ҳеч қандай изоҳ бермасдан фактларни аниқлайди.


Маслаҳат беришнинг асосий усули тинглашдир ва ўзаро муомалани “минимал рағбатлантириш” усули билан ифодалаш мумкин. Мижознинг интенсив фикрлаш жараёнига ёрдам берадиган танаффуслар катта аҳамиятга эга. Ушбу босқичда психологнинг ўзининг ички дунёсига қулоқ солиши, ҳис-туйғуларини ва фикрларини идрок қилиши, уларни қабул қилишни ва бошқаришни ўрганиши жуда муҳимдир. Ўзининг ҳис-туйғуларини ушлаб туриш (бошқариш) қобилияти психологга шахс зўравонлик жабрланувчиси бўлиб чиққанида вазиятни хотиржам ва холис баҳолашга, унга хизматлар тўғрисидаги маълумотлар ва мустақил қарор қабул қилишида ёрдам беради, бу ўз навбатида, психологнинг ўзига бўлган ишончи ва кучи мустаҳкамланишига имкон беради.

Инқирозли ҳолатга аралашар экан, психолог жабрланувчи зўравонлик оқибатидаги олган жароҳатини самарали даволашда ёрдам бериши керак. Бунинг учун маслаҳат бериш жараёнида психолог ёрдами билан учта вазифа қўйилади:

1) нима бўлганлиги тўғрисида етарли ва аниқ-равшан тасаввурга эга бўлиш;

2) ҳиссиёт ва реакцияларни бошқариш, таъсирни енгиш;

3) психологик жароҳат оқибатларини енгиш учун хулқ-атвор моделларини шакллантириш.
2.3.1.
Психологик ёрдам турлари ва шакллари
Психологик кузатиб бориш
  • гендер зўравонлик жабрланувчилари ва уларнинг оилалари вазиятини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш асосида психологик ёрдам;

  • руҳий безовталик, шахсият (шахсият доирасидаги) ёки шахслараро можаро ва гендер зўравонлик жабрланувчиларининг оғир ҳаётий вазиятини янада ёмонлаштириши мумкин бўлган бошқа салбий вазиятларни ўз вақтида аниқлаш;

  • ўз вақтида зарур психологик ёрдам кўрсатиб бориш.
2.4. Психологик маслаҳат
Психологик маслаҳат, психотерапия
Психологик маслаҳат гендер зўравонлик жабрланувчисидан унинг муаммолари тўғрисида маълумот олиш, жабрланувчи учун ички ресурсларни очиш ва сафарбар қилиш ва кейинчалик ижтимоий-психологик муаммоларни ҳал қилиш мақсадида у билан ушбу муаммоларни муҳокама қилишни ўз ичига олади.

Психологик маслаҳат қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин:
  • шошилинч психологик ёрдам: зўравонлик жабрланувчиларини инқироздан ёки стрессли вазиятлардан халос қилиш, психоэмоционал ҳолатни меъёрлаштириш, уларнинг жисмоний, маънавий, шахсий, интеллектуал ресурсларини инқироз ҳолатини енгиб ўтишга, юзага келган муаммоларни мустақил равишда ҳал қилишга, ўзига бўлган ишончни кучайтиришга сафарбар этиш. Шошилинч психологик ёрдам “Ишонч телефони” орқали ҳам бўлиши мумкин;
  • индивидуал психологик маслаҳат.

Индивидуал психологик маслаҳат қуйидагилар учун ўтказилади:
  • турли хил зўравонликларга учраб, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш учун оилавий ва жуфтлик муносабатларини, шунингдек, шахслараро можаролар ва бошқа муносабатларни шакллантириш масалаларини муҳокама қилиш учун;
  • гендер зўравонлик жабрланувчилари билан босқичма-босқич психологик машғулотларни олиб бориш учун шахсий режа тузиш учун.
Психологик тренинглар
Психологик тренинглар оғир ва ноқулай вазиятдан чиқишга ёрдам бериш, руҳий саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, стрессга чидамлиликни ошириш, биринчи навбатда, шахслараро муносабатлар, низо- ларни ҳал қилиш ва мулоқот соҳасида психологик маданият даражасини яхшилаш мақсадида ўтказилади.
“Ишонч телефони”
ва “Телефон орқали
тез ёрдам хизмати”
“Ишонч телефони” / “Телефон орқали тез ёрдам хизмати” (“горячая линия”) учун қуйидагилар зарур:
  • тегишли тайёргарлик, билим, кўникма ва тажрибага эга бўлган қўнғироқларга жавоб берувчи ходимлар;

  • гендер зўравонлик жабрланувчиси бўлган хотин-қизларнинг индивидуал ҳолатларига муносабат билдириш учун ёрдам линияларида уларни бошқа ижтимоий ва тиббий хизматлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан боғлайдиган келишувлар/протоколлар мавжуд бўлиши керак.
Қўллаб-қувватлаш гуруҳлари
Гендер зўравонлик жабрланувчиси қўллаб-қувватлаш гуруҳларига мурожаат қилиши мумкин. Бундай гуруҳларга мурожаат қилиш қуйидагиларни англатади:
  • билимларни ошириш;
  • муносабатларнинг ўзгариши (ишончнинг кучайиши);
  • хулқ-атворнинг ўзгариши.

Асосий вазифа — бу эмоционал (ҳиссий) қўллаб-қувватлаш, “тиқинни очиш”, муаммони хавфсиз муҳитда муҳокама қилиш ва гуруҳ ёрдами билан ечимини топиш ва қарор қабул қилиш қобилияти.

Қўллаб-қувватлаш гуруҳларини икки турга ажратиш мумкин:
1) муайян мавзуга оид;
2) муайян мавзуга оид бўлмаган (мулоқот клуби).

Гендер зўравонлик жабрланувчилари учун реабилитация марказларида иккала турдаги клуб ҳам фаолият олиб бориши мумкин. “Мулоқот клуби” тамойили бўйича тематик бўлмаган бирламчи клуб ҳисобланади. “Мулоқот клуби” кейинчалик тематик гуруҳларни ривожлантириш учун ишлатилиши мумкин бўлган мавзуларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди. Мазкур клуб вақти-вақти билан, масалан, ҳафтасига бир марта 2 соатдан йиғилади.


Қўллаб-қувватлаш гуруҳлари учун психологик ёрдам кўрсатувчига 7–15 кишига мўлжалланган алоҳида, (ўтиш мумкин бўлмаган), кенг ва холи хона керак (бунда зич ёпиқ эшик ва деразалар ортида ишлаш мумкин, шунда гуруҳ аъзолари кимдир уларнинг суҳбатини эшитишидан хавотирланишмайди). Хонада кўп жиҳозлар керак эмас, чунки бу гуруҳ аъзоларининг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Тематик қўллаб-қувватлаш гуруҳлари учун — гуруҳ етакчилари ва иштирокчиларининг муҳокамалари натижаларини, муҳим хулосалари ва тавсияларини ёзиш имконини берувчи маркерлар ва флип-плакатлар бўлиши керак. Визуал ва аудио-видео материаллардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Гуруҳ ишининг асосий принципи — бу махфийлик


Гуруҳни шакллантириш босқичида гуруҳдан маълумот тарқалиб кетиши хавфини бартараф қилиш мақсадида қўллаб-қувватлаш гуруҳининг иш принципларини ўта синчковлик билан ишлаб чиқиш, бу борадаги хавф ва оқибатларни иштирокчиларга тушунтириш керак. Бундан ташқари, гуруҳлар етакчилари гендер зўравонлик жабрланувчиси гувоҳ бўлган вазиятнинг ўта интим тафсилотларини ошкор қилиш хавфи туғилганида, гуруҳ аъзоларини (маълум усуллардан фойдаланган ҳолда) «тўхтатиш» учун сезгир ва эҳтиёткор бўлишлари керак. Қоидага кўра, махсус ўқитилган психологлар ёки ўзлари анча илгари гендер зўравонлик жабрланувчиси бўлган ва махсус ўқитилган кўнгилли (волонтер)лар мақсадли гуруҳнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, қўллаб-қувватлаш гуруҳларининг бошловчи (модератор)лари бўлишлари мумкин.