ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИККА ЖАВОБАН ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ СТАНДАРТ ОПЕРАЦИОН ИШ ТАРТИБЛАРИ


3.2.-модул. Гендер зўравонлик жабрланувчиларига хизматлар кўрсатиш бўйича

операцион иш тартиблари

3/4

2.5. Ҳужжатлаштириш
Гендер зўравонлик ҳақидаги ҳар бир ҳолат хизмат кўрсатувчи томонидан албатта ҳужжатлаштирилиши шарт. Зўравонлик ҳолатларини ҳужжатлаштириш стандарт шакллар, қўл билан ёзувлар, диаграммалар, фотосуратлар, рўйхат дафтарлари, кўрсаткичлар ва бошқа воститалар ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
Гендер зўравонликнинг ҳар бир ҳолати бўйича тегишли маълумотларни тўплаш ва уларни маълумотлар базасига киритиш:
1) зўравонлик ҳолатларининг ривожланишини кузатиш ва баҳолаш учун керакли маълумотлар базасини яратади;

2) маълум бир ҳудудда юз берган ва ошкор бўлган ҳолатлар тўғрисида аниқ тасаввур беради;

3) гендер зўравонлик бўйича идоралараро кўрилган чоралар фаолиятини баҳолашга ёрдам беради.

Гендер зўравонлик жабрланувчиси ҳақидаги маълумотларни тўплаш учун:
1. Жабрланувчи ҳақидаги умумий маълумотлар (ёши, маълумоти, яшаш жойи ва яшаш шароитлари, фарзандлари сони ва бошқалар), хизмат кўрсатиш учун олинган розилик, тиббий тарих (яъни умумий тиббий ва гинекологик тарих), воқеалар тўғрисидаги ҳисобот, кўрик натижалари, тадқиқотлар ва уларнинг натижалари, даволаниш режаси, маълумотлар ёки буюрилган дорилар, жабрланувчилар ҳақидаги ва тақдим қилинган бошқа маълумотларни тўплаб, қайд қилинг.

2. Жабрланувчи ҳақидаги тўлиқ маълумотларни йиғинг ва қайд қилинг. Шу жумладан:
- гендер зўравонликни тасдиқловчи далиллар;
- бошқа нохуш ҳодисалар тарихи, шу жумладан, аввалги шериклари билан;
- жабрланувчи ва зўравоннинг ўзаро муносабатлари;
- зўравонликнинг тури;
- қурол ишлатилганлиги (ишлатилган бўлса қайси турдаги ва қандай ишлатилган);
- ҳодиса пайтидаги гувоҳлар, шу жумладан, болалар ҳам.

3. Зўравонликнинг таъсири/оқибатларини (жисмоний, руҳий, жинсий, иқтисодий) батафсил тасвирланг.

4. Хавф ва ҳимоя омилларини (шахсий ва ижтимоий/умумий) тавсифланг.

5. Зўравонлик ҳолатини бартараф этиш учун режалаштирилган ёки амалга оширилган ишларни ёзинг.

6. Бу ишда режалаштирилган хавфсизлик ва мавзулар мажмуини тавсифланг.

7. Кейинги учрашувларда мазкур ишнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тўпланг.

8. Жабрланувчи ҳодиса ҳақида сўзлаб берганида нималарни фош қилганига эътибор қаратинг.

9. Ўзингизнинг шубҳа-гумонларингиз ва уларни тасдиқловчи далилларни ҳужжатлаштиринг.

10. Жабрланувчининг ёзма маълумотларидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида уни огоҳлантиринг ва розилигини олинг.

11. Барча маълумот ва ҳужжатларни хавфсиз ва махфий жойда сақланг.

12. Уларни маълумот йиғиш тизимига киритиш учун етарли вақт ажратинг.
Гендер зўравонлик жабрланувчилари билан ишлаш бўйича махсус ҳужжатлар рўйхати
Психолог хулосаси
Психолог хулосаси асосий ишчи ҳужжатдир. Психолог ўз хулосасида гендер зўравонлик жабрланувчисининг шахсий-ҳиссий (эмоционал), психик жараёнлар кўрсаткичлари муомала кўникмаларини, психофизиологик ва бошқа хусусиятларини акс эттиради. Шунингдек, психолог хулосани ёш даражаларига, психиканинг ривожланиш босқичларига ҳамда реабилитация қилиш, ҳолатни яхшилаш дастурларига бўлган эҳтиёжга мувофиқ тавсифлайди.
Гендер зўравонлик жабрланувчисининг диагностика ва маслаҳат картаси
Гендер зўравонлик жабрланувчисининг шахсий варақаси — реабилитация тарихи ҳақидаги маълумотлардан иборат бўлиб, узоқ муддатли психологик қўллаб-қувватлаш ва ёрдамга муҳтож бўлган гендер зўравонлик жабрланувчилар учун тузилади.
Реабилитация картаси
Реабилитация картаси қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади: гендер зўравонлик жабрланувчисининг асосий шахсий маълумотлари, эри ёки интим шериги ва бошқа оила аъзолари, гендер зўравонлик жабрланувчисининг ижтимоий ва яшаш шароитлари тўғрисидаги маълумотлар. Шунингдек, психолог гендер зўравонлик жабрланувчиси учун муҳим бўлган ҳаётий вазиятларни, айниқса, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари, ўткир ва сурункали касалликлар, жисмоний ва руҳий шикастланишлар тарихини қайд этади ва таҳлил қилади. Ушбу маълумотлар гендер зўравонлик жабрланувчисининг психологик муаммолари сабабларини аниқлашга имкон беради.
Ташҳис, реабилитация машғулотлари, ҳолатни яхшилаш (коррекция), суҳбатларни қайд этиш
Диагностик тадқиқот баённомаси
Гендер зўравонлик жабрланувчиси ҳикоясининг сўз орқали ва сўзсиз ифодасини, ҳиссий ҳолатлар динамикасини қайд этади. Ушбу протокол психологик машғулот пайтида ёки ҳолатни яхшилаш (коррекция) ишлари вақтида тузилади. Диагностика пайтида психолог диктофондан фойдаланиши мумкин ва машғулотдан сўнг протоколни тўлдириши мумкин. Бу гендер зўравоник жабрланувчисининг бошқа муҳим кўрсаткичларига эътибор қаратишга ёрдам беради.
Психологик тавсифлар; психологик реабилитация карталари

Психологик хусусиятларга асосланиб, психолог гендер зўравонлик жабрланувчисининг психологик портретини яратади. У эркин шаклда ёзилиб, гендер зўравонлик жабрланувчиси реабилитациясининг индивидуал хусусиятлари, яъни когнитив ва шахсий-ҳиссий (эмоционал) соҳанинг хусусиятлари, психофизиологик фарқлар, коммуникатив эҳтиёжлар, умумий ёки махсус қобилиятларнинг мавжудлиги ва бошқалар тўғрисида маълумот беради.
Ҳолатни яхшилаш (коррекция) машғулотларини қайд этиш
Ҳолатни яхшилаш (коррекция) картаси
Ҳолатни яхшилаш (коррекция) картаси шахсий (индивидуал) ҳолатни яхшилаш ишлари давомида тузилган ва яхшилаш (коррекция) дастурининг стратегияси ва тактикасини тавсифлайди.

Ҳолатни яхшилаш (коррекция) картасида қуйидагилар акс эттирилади:
  • умумий маълумотлар (Ф.И.О., жабрланувчининг ёши ёки коди);

  • мавжуд муаммолар (гендер зўравонлик жабрланувчиси ақлий ривожланишининг оғиш ва бузилиш хусусиятлари);

  • ҳолатни яхшилаш (коррекцион) машғулотларининг муддатлари ва босқичлари;

  • ҳолатни яхшилаш (коррекцион) машғулотларининг таъсирчан воситалари (ҳар бир циклдаги машғулотлар сони);

  • ҳолатни яхшилаш (коррекция) машғулотларида ГЗ жабрланувчисининг ҳаётий фаолиятини ташкил этиш юзасидан ташкилотларнинг тавсиялари;

  • ҳолатни яхшилаш (коррекция) машғулотлари жараёнида психологик динамика ҳолати қайд этиб борилади:

  • ҳолатни яхшилаш (коррекция) машғулотлари якунлари бўйича яхшилаш (коррекция) дастурининг натижалари.
Психологик хулосалар ва реабилитация карталаридан кўчирмалар
Кўчирма — бу ташқи ҳужжат бўлиб, гендер зўравонлик жабрланувчисининг талаби ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи, суд органлари ҳамда тиббиёт муассаларининг расмий талаби асосида расмийлаштирилади. Кўчирмада гендер зўравонлик жабрланувчиси реабилитациясининг асосий хусусиятлари ва муаммолари бўйича хулосалар ва махсус тавсиялар акс этади.

Ҳолатни яхшилаш (коррекция) карталари ва протоколлар махсус ҳужжатларнинг ёпиқ турлари ҳисобланади. Улар юзасидан фаолият жараёнида олинган маълумотларнинг махфийлиги таъминланади.